Дамашқда Россия ва Суриянинг янги ҳукумати ўртасида илк музокаралар ўтказилди. Учрашувда Россиянинг Суриядаги ҳарбий мавжудлигини сақлаб қолиш, товон тўлаш масаласи ва Башар Асаднинг экстрадицияси муҳокама қилинди.
Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳили ҳамда бутун Яқин Шарқ ҳудудида сўнгги 24 соат давомида содир бўлган асосий воқеалар.
ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторида учинчи гуруҳ исроиллик ҳарбий асирларни озод қилди. Тел-Авив билан алмашиш келишуви доирасида озод этилганлар орасида икки аёл ва бир нафар эркак бор. Шунингдек, шахсий маълумотлари ошкор этилмаган беш нафар Таиланд фуқароси ҳам озод этилган.
Швецияда Қуръонни ёқиш акциясини ташкил этган асли ироқлик Салван Момика ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда "SVT News" хабар берди. Маълумотларга кўра, у чоршанба куни кечқурун Стокгольм яқинидаги уйида отиб ўлдирилган. Момика ўлдирилган пайтда TikTok'да жонли эфирда бўлган. 38 ёшли Салван Момика 2023 йилда Қуръонни оммавий равишда ёқиб, халқаро эътиборга тушган эди.
Қирғизистон ҳукумати мамлакатда экологик тоза ва замонавий шаҳар барпо этишга қарор қилди. Президент қарорига мувофиқ, давлат идоралари ёз фасли бошлангунига қадар 350 гектардан ортиқ ер майдони ажратилган ҳолда шаҳар концепциясини тайёрлаши керак.
АҚШ президенти Дональд Трамп 29 январь куни "Антисемитизмга қарши кураш" тўғрисидаги фармонни имзолади. "Оқ уй" га кўра, ҳукумат яҳудийларни ҳимоя қилиш мақсадида намойишлар, таҳдид ва зўравонликларга қарши қатъий чоралар кўради.
Сурияда ҳокимият алмашди. Вақтинча ҳукумат маъмурияти раҳбари Аҳмад аш-Шаръа мамлакатнинг ўтиш давридаги президенти сифатида эълон қилинди.
Вашингтонда йўловчи самолёти ва ҳарбий вертолёт тўқнашуви оқибатида ҳалок бўлганларнинг жасадлари Потомак дарёсидан олиб чиқилмоқда. Ҳозиргача 18 киши ҳалок бўлгани тасдиқланган. Йўловчи самолёти Канзас штатидаги Вичита шаҳридан Вашингтонга йўл олган, бортда 60 нафар йўловчи ва тўрт нафар экипаж аъзоси бўлган. Ҳарбий "Black Hawk" вертолёти эса ўқув парвозини амалга ошираётган бўлган.
АҚШнинг Нью-Йорк штати Сенати 1 феврални расман “Жаҳон ҳижоб куни” сифатида тан олиш ҳақида қарор қабул қилди. Қарорда АҚШ ва Нью-Йорк аҳолиси ўз дин ва эътиқодларини эркин амалга ошириш ҳуқуқига эга экани таъкидланган.
Интерпол махсус операция давомида дунёдаги энг йирик болалар савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлардан бири "Лев Таҳор" гуруҳи аъзоси, 35 ёшли Исроил фуқароси Ёэл Алтерни қўлга олди. Ушбу гуруҳ аъзолари болаларга нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонлик қилиб келгани, шунингдек, уларни ноқонуний равишда бошқа мамлакатларга турли мақсадларда сотгани аниқланди.