Аҳмад аш-Шаръа Суриянинг ўтиш давридаги президенти деб эълон қилинди
Сурияда ҳокимият алмашди. Вақтинча ҳукумат маъмурияти раҳбари Аҳмад аш-Шаръа мамлакатнинг ўтиш давридаги президенти сифатида эълон қилинди. Бу ҳақда SANA агентлиги хабар бермоқда.
Янги ҳукумат Сурия конституциясини бекор қилди ва парламентни тарқатиб юборишини эълон қилди. Шунингдек, мамлакатдаги барча хавфсизлик кучлари ва қуролли тузилмалар фаолияти тугатилиши, уларнинг ўрнига фуқаролар хавфсизлигини таъминлайдиган янги тузилма ташкил этилиши маълум қилинди.
"Сурияда ҳокимиятдаги бўшлиқни тўлдириш, фуқаролар тинчлигини сақлаш, давлат институтларини қуриш ва мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши учун замин яратиш устувор вазифаларимиздир", — деди Аҳмад аш-Шаръа ўз чиқишида.
Янги президент ваколатлари Сурияда янги конституция қабул қилинишига қадар амал қилади. Собиқ президент Башар Асад томонидан қабул қилинган бир қатор қонунлар ҳам бекор қилинди.
Шунингдек, янги ҳукумат 8 декабрни "Буюк Сурия инқилоби" ғалабаси куни сифатида миллий байрам деб эълон қилди. Мамлакатда 61 йил ҳукмронлик қилган "Баас" партияси тарқатилди, унинг бошқа ном билан фаолият юритиши тақиқланди.
Янги ҳукумат ўз режаларини эълон қилар экан, янги конституцияни ишлаб чиқиш бир неча йил давом этиши мумкинлигини билдирди. Шунингдек, мамлакатда янги сайлов тизими ташкил этилиб, умумий сайловлар ўтказилиши режалаштирилган.













