Эрон Вазирлар Кенгаши Тожикистон билан визани бекор қилиш ҳақидаги мактубни имзолади. Ушбу мактубга кўра, Тожикистон фуқаролари мамлакатда 30 кун муддатгача визасиз қолишлари мумкин. Бунинг учун фақат ҳаво орқали, фақат Душанбедан Теҳронга учиш талаб қилинади. Виза тартибининг бекор қилиш санаси тез орада эълон қилинади.
Шарқий Лондон масжидига террор ҳужуми таҳдиди келиб тушгани сабабли масжид ва яқин-атрофда жойлашган учта мактаб эвакуация қилинди. Таҳдид тасдиқланмади, аммо нафрат билан боғлиқ эҳтимолий жиноят бўйича тергов олиб борилмоқда. Тезкор тадбирлар натижасида масжиднинг 37 йиллик тарихида биринчи марта шом азони айтилмагани маълум қилинди.
Исроил Ғазо секторида босқинчилик ва қирғинбарот урушини бошлаганига 271 кун бўлди. 24 соат давомида Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ҳамда бутун Яқин Шарқ ҳудудида содир бўлган асосий воқеалар.
Туркия ва Исроил паспортларига эга энг камида 4 минг сионист 7 октябрдан кейин Ғазога бориб, Исроил армияси сафида фаластинликларни қиришда иштирок этмоқда. Уларнинг 65 таси жабҳада ўлдирилган, 110 таси эса турли даражада ярадор қилинган. Turkiye газетаси маълумотларига кўра, Туркияда икки фуқароликка эга 20 минг, Исроилда эса 250 минг исроиллик яшайди. Исроилнинг “Темир гумбаз” тизимига масъул генерал ҳам Туркия фуқаролигига эгалиги аниқланган.
Доғистон муфтиятининг фатво бўлими ниқобни вақтинчалик тақиқлаш бўйича фатво чиқарди. Унга кўра, тақиқ республика аҳолиси хавфсизлигига таҳдидлар мавжудлиги сабаб қилиб кўрсатилди ва мазкур хавф-хатарлар бартараф этилиб, “янги фатво” чиққунига қадар амалда бўлади. Аввалроқ Доғистон муфтияти ниқобни бутунлай тақиқлаш учун етарлича исломий асослар топа олмаганини эълон қилган, бироқ анъанавий либосларни кийишни “маҳаллий даражада тақиқлаш”га рухсат берганди.
Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим Индонезия билан биргаликда Ғазога тинчликпарвар кучларни юборишга тайёрлигини билдирди. Бунинг учун БМТ рухсати (мандати) талаб қилинади.
Исроил сўнгги 24 соат ичида Ғазо секторида беш аскари ҳалок бўлганини эълон қилди ва мамлакат ҳукумати томонидан ўлган деб тан олинган жами ҳарбийлар сони 674 нафарга, 7 октябрдан бери яраланган аскарлар сони эса 9000 нафарга яқинлашди. Шунингдек, Исроил армиясидаги ногирон аскарларнинг умумий сони ўтган ой биринчи марта 70 мингдан ошди, уларнинг 35 фоизи руҳий саломатлик муаммолари ва 21 фоизи жисмоний жароҳатлар туфайли даволанмоқда. Ҳақиқий рақамлар расмий статистикадан каррасига зиёд бўлиши мумкин.
БМТнинг Ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш бўйича ишчи гуруҳи Покистон собиқ бош вазири Имрон Хоннинг ҳибсга олиниши ўзбошимчалик ва халқаро қонунларга зид эканини маълум қилиб, мамлакат ҳукуматини унинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ ҳолатлар бўйича тўлиқ ва мустақил тергов ўтказилишини таъминлаш ҳамда товон пули тўлашга чақирди.
Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штати Ҳатрас туманидаги қишлоқлардан бирида машҳур воиз Бҳоле Бабани тинглаш учун йиғилган оломон тиқилинч ҳосил қилди. Натижада энг камиди 116 киши ҳалок бўлди. Ҳукумат қурбонлар сони ортиши мумкинлигини маълум қилди. Гувоҳларнинг айтишича, тиқилинчга одамлар руҳонийга яқинлашиш ва ҳокипойини олишга интилиши сабаб бўлган.
БАА ҳукумати ўғирлик ва талончилик ҳолатлари кескин ортгани муносабати билан ўз фуқароларини Европа давлатларига сафар қилмасликка чақирди. Сафарини бекор қилиш имкони бўлмаганларга “ўта ҳушёр ва эҳтиёткор бўлиш” тавсия қилиниб, Испания, Грузия, Италия, Буюк Британия, Франция ва Австрия БАА фуқаролари учун энг хавфли давлатлар экани таъкидланди.