Хитойнинг Шенси провинцияси ҳукумати томонидан Ўзбекистон ёшлари учун 1,8 миллион АҚШ доллари миқдорида таълим гранти ажратилди. “Шенси провинцияси ҳукумати томонидан Тошкент давлат транспорт университетига ажратилган грантлар орқали ўзбекистонлик ёшлар Чанган университетида таҳсил олиш имкониятига эга бўлишди”, дейилади хабарда.
Тайван ҳукумати мамлакат тарихидаги энг йирик “Ханьгуан” номли ҳарбий машғулотларни бошлади. Bloomberg'нинг ёзишича, президент Лай Циндэ ушбу машғулотлар доирасида Америкада ишлаб чиқарилган Abrams M1A2T танкларининг жанговор ўқ отишини кузатган. Гап шундаки, Тайбэй АҚШдан 1,45 миллиард долларлик 108 та замонавий жанговор танк сотиб олди. Бу эса оролнинг юқори технологияли ишлаб чиқариш корхоналари жойлашган шимолий қисми мудофаасини анчагина мустаҳкамлаган. Тайван ҳарбий арсенали F-16V типидаги қирувчи самолётлар, HIMARS ракета тизими ва махфий дронлар билан ҳам бойитилган.
2030 йилга қадар Хитой Шарқий Туркистонда яна 6 та инсон органлари трансплантация марказини очишни режалаштирмоқда – натижада бундай муассасаларнинг умумий сони 9 тага етади. Донорлик даражаси паст ва аҳоли сони кам бўлган минтақа учун бу ҳолат тушунарсиздир.
Хитой Покистонга берган 3,4 миллиард доллар миқдоридаги кредитларини қайтариш муддатини узайтирди. Бу Покистоннинг валюта захираларини 14 миллиард долларгача ошириш имконини беради.
Эрон-Исроил можароси Россия ва Хитой учун тўғридан-тўғри ҳарбий аралашув эмас, балки стратегик имконият сифатида намоён бўлади. Россия – минтақадаги сиёсий таъсирини сақлаш ва Ғарбга босим ўтказишни мақсад қилган бўлса, Хитой – энергетика хавфсизлиги ва “Бир камар – бир йўл” лойиҳаси доирасида иқтисодий барқарорликка эришишни кўзлайди.
Кеча, 17 июнь куни Остона шаҳрида "Марказий Осиё – Хитой" иккинчи саммити бўлиб ўтди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ҳамда Хитой раиси Си Цзинпин иштирок этган тадбирда Остона декларацияси ва Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди.
Шавкат Мирзиёев ва Хитой раиси Си Цзиньпин "Марказий Осиё – Хитой" саммити доирасида музокара ўтказди. Етакчилар "Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" стратегик темирйўли қурилишини жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлашган. Таълим, фан, туризм ва маданият, кадрлар тайёрлаш ҳамда хитой тилини ўрганиш соҳаларидаги алмашинувларни ривожлантиришдан манфаатдорлик билдирилган.
Хитой Шарқий Туркистонда амалга ошираётган жиноятларини яшириш учун "геноцид туризми"ни ривожлантиришга уринмоқда. Бундан ташқари, босқинчи ҳукумат 2030 йилга келиб Шарқий Туркистонга йилига 400 миллиондан ортиқ сайёҳни жалб қилишни ва тахминан бир триллион юанга яқин даромад олишни режалаштирмоқда.
Афғонистон ҳукумати Россия ва Хитой билан долларсиз, миллий валюталарда савдо қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Руслар билан музокаралар илғор босқичда. Ўзаро ҳисоб-китобларнинг рубль ва афғонийда амалга оширилиши механизмлари ишлаб чиқилмоқда. Хитой билан ҳам шунга ўхшаш таклифлар илгари сурилган ва Кобулдаги Хитой элчихонаси билан биргаликда ишчи гуруҳ тузилиб, вазиятни ўрганишга киришилган.
Туркия Миллий разведка ташкилоти (МİТ) Хитой разведкаси билан алоқадорликда айбланаётган 7 кишилик жосуслик тармоғини фош қилди. Тезкор операция натижасида уларнинг давлат хизматчиларига тегишли телефон қўнғироқлари, SMS хабарларини кузатгани ҳамда уйғур жамоаси вакилларининг жойлашувини аниқлаш мақсадида сохта сигнал узатувчи станциялардан фойдалангани аниқланган.