Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси “Крокус Сити Холл”да теракт содир этганлар билан алоқадорликда гумонланаётган 9 кишини қўлга олди. Уларни қўлга олишда Душанбеда жойлашган Россия хавфсизлик кучлари иштирок этган. Россияда эса терактда алоқадорликда гумонланаётган яна бир тожикистонликка нисбатан иш очилди.
Москва яқинидаги “Крокус Сити Холл” концерт залида содир бўлган терактдан кейинги кунларда Россия бўйлаб бегуноҳ тожик муҳожирлари таҳдидлар, оғзаки ҳақоратлар ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг эътибори ортган. Нафақат тожикистонликлар, балки Марказий Осиё диаспорасининг бошқа вакилларига ҳам дискриминация кучайган.
Россияда сўнгги ўн йилликлардаги энг қонли терактда айбланаётган тўрт кишининг қийноққа солингани акс этган видеолар кенг тарқалди, бу эса, таҳлилчиларнинг фикрича, Россия давлати ва рус жамиятининг оммавий зўравонликларга нисбатан тоқатлилиги кучайиб бораётганидан далолатдир. “Қийноқ ҳодиса сифатида мавжуд бўлмаслиги керак. Полиция ва давлат бугун террористни қийноққа солади, бу усул маъқулланганини кўради, эртага эса фаолни, журналистни, бошқа ҳар қандай одамни қийнашади. Улар бошқа йўлни билишмайди”, - деб ёзди фаол ва терговчи журналист Руслан Шаведдинов.
Москванинг Басманний суди тергов талабига биноан “Крокус Сити Холл”даги теракт бўйича жиноий иш бўйича яна уч нафар айбланувчи – ака-ука Диловар ва Аминжон Исломовлар ҳамда уларнинг отаси Исроилни ҳибсга олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Фожиа қурбонлари сони эса 139 нафарга, жабрланганлар 361 нафарга етди.
“Крокус Сити Холл”да содир бўлган терактда официант бўлиб ишловчи Ўзбекистон фуқароси Комил Насибов 100 дан зиёд инсонни қутқариб қолди.