Озарбайжон ҳукумати мактаб дарсликларига исроил ишғолини ижобий талқин қилган биринчи мусулмон давлати бўлди. Ўқув адабиётларидан босиб олинган Фаластин хариталари ва Ёсир Арофат ҳақидаги маълумотлар олиб ташланди. Шунингдек, Фаластин қаршилик ҳаракатлари "террорчилар" сифатида талқин қилинди.
Исроил полицияси босиб олинган Шарқий Қуддусдаги энг йирик Фаластин китоб дўкони – "Маърифий"га рейд уюштириб, унинг эгаларини терроризмга алоқадор материалларни тарқатишда айблаб ҳибсга олди ва юзлаб китобларни мусодара қилди.
Ушбу қарор Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишуви доирасида қабул қилинган. Келишувга мувофиқ, Фаластинни тарк этиши шарт бўлган маҳбуслар Туркияга жўнатилади. Исроил қамоқхоналарида минглаб фаластинликлар сақланаётган бўлиб, айримлари умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Уларнинг бир қисми озод этилади, лекин қайтиш ҳуқуқисиз Фаластиндан чиқариб юборилади.
ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторида учинчи гуруҳ исроиллик ҳарбий асирларни озод қилди. Тел-Авив билан алмашиш келишуви доирасида озод этилганлар орасида икки аёл ва бир нафар эркак бор. Шунингдек, шахсий маълумотлари ошкор этилмаган беш нафар Таиланд фуқароси ҳам озод этилган.
АҚШ президенти Дональд Трамп 29 январь куни "Антисемитизмга қарши кураш" тўғрисидаги фармонни имзолади. "Оқ уй" га кўра, ҳукумат яҳудийларни ҳимоя қилиш мақсадида намойишлар, таҳдид ва зўравонликларга қарши қатъий чоралар кўради.
Исроил ҳукумати Байтлаҳм шарқида жойлашган ал-Нумон қишлоғида барча уйни бузишни режалаштирмоқда. Ушбу ҳаракат 150 нафар фаластинликни ўз уйларини тарк этишга мажбур қилиб, қишлоқни Қуддусга қўшиб қўйишга қаратилган.
Фаластин Гилан Ваҳба Абдалмажидни Ирландиядаги биринчи элчиси этиб тайинлади. Илгари у Фаластиннинг Ирландиядаги миссиясига раҳбарлик қилган.
Netflix платформаси Фаластин ҳаётига бағишланган фильмлар бўлимидаги 30 дан зиёд асарни ўчириб юборди. Ўқирилганлар орасида Май Масрининг қочқинлар лагеридаги ҳаёт тасвирланган "Шатиланинг болалари" ва Басил Халилнинг исроиллик кўчманчи оилага ёрдам бераётган фаластинлик роҳибалар ҳақидаги "Аве Мария" сатирик қисқа метражли фильми мавжуд.
Ашаддий сионист миллиардер бошчилигидаги "Тинчлик учун фактлар" ҳаракати ҲАМАСни нафақат Исроил, балки АҚШнинг ҳам душмани сифатида кўрсатишга қаратилган фитнани авж олдириш учун миллионлаб доллар тўпламоқда. Кампания доирасида биргина Facebook ва Instagram’даги Фаластинга қарши ёлғон ахборотларни реклама қилишга 370 минг доллардан зиёд пул сарфланган.
Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархан Фаластин давлатини яратиш ва икки давлат ечимини амалга ошириш учун халқаро коалиция тузилганини эълон қилиб, биринчи учрашув Ар-Риёдда бўлиб ўтишини билдирди. У Фаластин давлатини яратиш коалицияси Европа ҳамкорлиги ва араб давлатларининг саъй-ҳаракатлари самараси эканини таъкидлади.