Глобал тиллар орқали кириб келаётган бегона қадриятлар ва ёшлар онгидаги ўзгаришлар ҳақида

Глобаллашув замонида тил ўрганиш заруратга айланди. Ҳар бир янги тил — янги имконият, янги эшик. Аммо бу эшикдан фақат сўз ва қоидалар эмас, балки маданият, қадриятлар ва турмуш тарзи ҳам кириб келади. Тил ўрганаётган ҳар бир ёш аслида бошқа халқнинг дунёқараши билан танишади, баъзан эса ўзга миллат, ўзга дин вакилларининг зеҳниятини онгига сингдиради. Бу ҳолат бугунги кунда юртимизда айниқса яққол кўзга ташланмоқда.

Рус тили: Тарихдан қолган меросми ёки маданий босим?

Ўзбекистонга собиқ иттифоқдан қолган энг катта мерослардан бири — рус тили. Бугун ҳам мамлакатимизда 1000 дан ортиқ рус мактаби фаолият юритмоқда ва бу мактабларда таҳсил олаётган ўқувчилар сони 2024 йилда 250 мингдан ошди. Бу эса умумий мактаб ўқувчилари сонининг 7 фоизидан кўпроғини ташкил этади.

Кўпчилик мазкур ҳолатни тил ўрганиш имконияти сифатида баҳолайди, аммо бошқа томондан у миллий тил ва маданиятга нисбатан лоқайдликни ҳам кучайтирмоқда. Адабий ўзбек тилида сўзлашмайдиган, ўз тарихини чуқур билмайдиган ёшлар сони ортиб бормоқда. Рус тилида ўқийдиган ёшлар орасида "ўзбекчада гапиришдан уяламиз" деган фикрлар кенг тарқалган. Шунингдек, қарийб 100 йилдан бери Ўзбекистонда яшаб келаётган бошқа миллат вакиллари орасида ҳам ўзбек тилини билмасдан, маҳаллий аҳолига рус тилида мурожаат қилиш ҳолатлари мавжуд. Бу эса худди "сенинг ҳудудингда мен ҳукмронман" деган таассурот қолдиради. Миллатидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро Ўзбекистонда ягона давлат тили — ўзбек тилини билиши шарт. Бундан бош тортиш — қонунларга нисбатан эҳтиромсизлик, бу юртда яшовчиларни писанд қилмаслик аломати ҳисобланади.

Инглиз тили: Глобал билимми ёки ғарбга тақлид?

Инглиз тили — замонавий илм-фан ва технологиялар тили. Ўзбекистонда инглиз тилини ўрганиш бўйича курслар сони 2024 йилда 10 мингдан ошган. Ҳар йили 500 мингдан ортиқ ёшлар инглиз тилида таълим олмоқда. Бироқ тил билан бирга Ғарб маданияти, ҳаёт тарзига бўлган ёндашув ва психологик қадриятлар ҳам кириб келмоқда. Netflix, Instagram, TikTok каби платформалар орқали тарқалаётган контентлар ёшлар онгига "индивидуализм", "эгоизм", "мустақиллик", "руҳий соғломлик" каби тушунчаларни олиб кирмоқда. Бу тушунчалар моҳиятини чуқур англамасдан, уларни маҳаллий муҳитга нотўғри мослаш натижасида оилавий қадриятлар, ота-онага ҳурмат каби асосий тушунчалар заифлашмоқда.

Корейс тили ва K-pop маданияти: Ўзликни йўқотишнинг бошланишими?

Ўзбекистонда 2019 йилда 10 мингга яқин ёшлар корейс тилини ўрганаётган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 5 баробарга — 50 мингга етди. Бунда таълим соҳасидан ташқари, асосий сабаб — K-pop ва корейс сериаллари (дорамалар) таъсири бўлди.

K-pop гуруҳлари ва актёрларининг ташқи кўриниши, юриш-туриши ва гапириш услуби кўплаб ёшлар учун идеалга айланган. Натижада миллий қадриятлар хориж эстетикасига бўйсундирилмоқда. Ёшлар орасида корейсча яшашга интилиш (соч турмаги, кийиниш услуби, ҳатто пластик операция ҳақида ўйлаш) ҳолатлари кўпаймоқда. Бу эса "биз пастмиз, улар юқори" деган онг ости комплексини шакллантирмоқда.

Ассимиляциями ёки ижтимоий барқарорлик?

Тил ва маданият бир-бирига узвий боғлиқ. Бир тилни мукаммал ўрганаётган ёш секин-аста ўша тил эгалари каби фикрлай бошлайди. Бу жараён маданий ассимиляция деб аталади. Ўзлигини англамаган, ўз тили ва қадриятидан фахрланмайдиган авлод эса ҳар қандай ташқи таъсирга итоаткор бўлади.

Психологларнинг таъкидлашича, тил ўрганиш фақат луғавий эмас, балки ҳиссий тафаккурга ҳам таъсир қилади. Инсон янги тилда фикрлай бошлаганида, ушбу тилга хос ҳис-туйғулар ва реакциялар ҳам онгида акс этади. Шу сабабли ўз тилида фикрламайдиган ёшлар ўз халқи руҳий меросидан узилади.

Нима қилиш керак?

Тил ўрганиш — ўзликни бойитиш учун бўлиши керак, ўзликни йўқотиш учун эмас.
Адабий ўзбек тилини ривожлантириш, замонга мос контентлар яратиш — энг муҳим вазифа. Ёшлар энг вақтини ажратаётган Instagram, Youtube , TikTok каби платформалар орқали ўзбек маданиятини замонавий форматда оммалаштириш лозим.

Тил танлаш — ким бўлишимизни танлашдир

Ёшларимиз инглизча, русча, корейсча гапирсин — аммо ўзбек тилида яшасин. Ҳар бир хорижий тил бир эшик бўлиши мумкин, аммо биз у эшикдан кирганда ўз уйимиздан чиқиб кетмаслигимиз шарт. Чунки ўз уйини йўқотган инсон қаерга боришидан қатъи назар, ўзга юртдан бошпана излаши муқаррар.

Мухлиса Маҳмуд

Мавзуга алоқадор