Ўзбекистонлик мигрантларнинг аксарияти зўравонлик қурбони бўлмоқда
Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг 76 фоизи расмий меҳнат шартномасига эга эмас, бу эса уларни эксплуатация ва зўравонликка учрашига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Глобал ишчилар ҳуқуқлари ташкилоти – Solidarity Center маълум қилди.
Қайд этилишича, марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари, айниқса, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан хорижга иш излаб кетаётганлар катта қийинчиликларга дуч келмоқда. Иқтисодий ўзгаришлар ва сиёсий беқарорлик миграция йўналишларига таъсир ўтказмоқда. Авваллари кўплаб ишчилар Россияни танлаган бўлса, эндиликда улар Қозоғистон, Туркия, Германия ва Жанубий Кореяга интилишяпти.
Аёллар ва ёшлар мигрант ишчилар сафида кўпайиб бораётгани уларни ўзгача хавф-хатарларга дучор қилмоқда. Жумладан, муҳожирлар ортиқча иш вақти учун ҳақ тўланмаслиги, касаллик учун таътил берилмаслиги ва бошқа зўравонликларга дуч келмоқда. Бу эса ушбу мамлакатлардан хавфсиз миграция стратегияларини ишлаб чиқишни талаб этади.













