Ўзбекистонда Қуръондан дарс бергани учун қамалиб чиққан аёл Туркияда қўлга олинди
Аввалроқ, Ўзбекистонда болаларга Қуръондан дарс бергани учун турмуш ўртоғи билан бирга қамалиб чиққан Ҳанифа Мирғаниева Туркиядан бошпана топган эди. Афсуски, бу аёл 30 декабрь куни ушбу мамлакатдаги яшаш жойида ўтказилган рейд пайтида яна қўлга олинди.
Прокуратура Мирғаниева томонидан содир этилган бирор бир қонунбузарлик ҳолатини тополмагач, уни қўйиб юборди. Шунга қарамай Ўзбекистон фуқароси 15 кундан бери Чаталжадаги муҳожирларни ушлаб туриш марказида сақланмоқда.
Бир неча йиллардан бери Туркияда яшаётган, 7 нафар фарзанднинг онаси бўлган Мирғаниева қон босими, қандли диабет ва бошқа касалликлардан азият чекади. Унинг қамоқхонада ўтказган оғир ҳаёти болаларга диний таълим беришдек улкан масъулиятни ўз зиммасига олган муслиманинг саломатлигига ҳам таъсир этмай қолмаган. Бироқ унинг бошқа кўплаб диндорлар сингари хорижда ҳам хотиржам яшай олмаётгани ачинарли ҳолатдир.












