Тошкентда Туркий давлатлар халқаро университети ташкил этилади
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳрида Туркий давлатлар халқаро университети ўз фаолиятини бошлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25 январь куни қабул қилинган «Туркий давлатлар халқаро университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорида белгиланган.
Университетда таълим жараёни халқаро тажриба ва стандартларга асосланади. Хусусан, ўқув дастурлари халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатга кирган ва ўз соҳасида етакчи Туркия олий таълим муассасаларининг дастурлари асосида ишлаб чиқилади.
Талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Шунингдек, университет фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида бошқарув кенгаши тузилади.
Ушбу университетнинг ташкил этилиши туркий давлатлар ўртасидаги таълим, маданият ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.













