Суриядаги ўзгаришлар: ким ютди, кимлар ютқазди
Ташқи ғолиблар ва мағлублар ким эканлигидан қатъи назар, Туркия йирик ғолиблардан бири сифатида кўрилмоқда. Биринчидан, ушбу можаро Анқаранинг урушдан кейинги Сурия келажагини шакллантиришдаги ролини кучайтиради ва унга, ўзига иттифоқдош бўлган янги Сурияни яратиш имконини беради.
Иккинчидан, Суриянинг геосиёсий идентификация жиҳатидан Эрон ва Россияга яқин давлатдан Туркия иттифоқчисига айланиши Анқарага Яқин Шарқда ўз ҳукмини ўтказиш борасида мисли кўрилмаган геосиёсий имкониятлар тақдим этмоқда.
Ушбу барча кўзда тутилган манфаатлар орасида Туркияга ўз миллий хавфсизлиги ва минтақадаги барқарорликни таъминлашда воситачи сифатидаги янги ролини мустаҳкамлаш имконияти ҳам мавжуд. Бу манфаатлар Сурия келажагини шакллантиришда ташқи иштирокчилар орасида етакчи рол ўйнаш, Сурия шимолидаги сепаратистик курд бўлинмалари лойиҳасига қарши курашдаги мавқеини кучайтириш ва Эрон, Россия, АҚШ ҳамда араб давлатлари билан ўзаро муносабатларида ўз позициясини мустаҳкамлашдан иборат.
Бу ўзгаришлар Анқарага АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп маъмурияти билан бўлажак муносабатларида ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳам катта имконият беради.
Аммо барча ушбу имкониятлар билан бирга, Туркия янги Сурияни барпо этиш лойиҳасини бошқаришда катта қийинчиликларга дуч келади. Айниқса, Анқаранинг Суриядаги таъсири кучайгани сари бу ўзгаришнинг салбий оқибатлари олдини олиш масъулиятини ҳам тўғридан-тўғри ўз зиммасига олади.
Гарчи Анқара “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” билан ўзаро алоқалари борлигини доимий равишда инкор этиб келган бўлса-да, 27 ноябрдан бери унинг шунчаки можарони чеккадан кузатиб келаётганини тасаввур қилиш мушкул. Суриядаги ўзгаришлар йўли аввало Анқаранинг турли мухолиф гуруҳлар мақсадлари уйғунлигини рақобат ва ички урушлардан холи равишда сақлаб тура олиш ҳамда ўзгаришларнинг давом этишини таъминлаш учун "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом"га ўз таъсирини ўтказа олиш қобилиятини синовдан ўтказади.
Туркия билан бир қаторда, Суриядаги ўзгаришлардан АҚШ ва Исроил ҳам манфаатдор бўлиб чиқмоқда. Негаки, Сурияни Эрон ва Россия каби Ғарбга қарши режимлар билан иттифоқ доирасидан чиқариб ташлаш улар учун катта геосиёсий ютуқ ҳисобланади.
Бироқ бу ўзгариш иккала давлат учун ҳам хавфларни келтириб чиқаради. Ўтмишда Асад оиласи ҳукмронлиги остидаги Сурия Исроил учун хоҳ унинг хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан, хоҳ Суриядаги ички сиёсий хилма-хилликнинг таркибий қисмларини йўқ қилиш нуқтаи назаридан фойдали бўлган, деган фикр ҳукмронлик қилган бўлса-да, янги геосиёсий позицияси Туркия билан иттифоққа асосланган ўзгарган Сурияни исроилликлар учун фойдалироқ бўлади, дейиш қийин. Шу билан биргаликда, араб дунёси учун бу ўзгаришдан қўлга киритилган фойда ва зарар мезонлари ҳануз ноаниқлигича қолмоқда.
Инқилобнинг Эроннинг Суриядаги мавжудлиги ва унинг минтақавий ролига таъсири араб минтақаси учун катта фойда келтирса-да, мазкур манфаатлар арабларнинг Асад ҳукумати ағдарилиши ортидан араб баҳорининг иккинчи тўлқини бошланиши борасидаги хавотирларини оширди.
Бироқ бу ўзгаришлар араб дунёсига катта салоҳият ва молиявий манбаларга эга янги Сурияни шакллантиришда фаолроқ рол ўйнаш имкониятини ҳам беради.
Бу ўзгариш натижасида Эрон ва Россия энг кўп йўқотишга учради, деб ҳисобланмоқда. Эрон Сурия можаросида ўзининг стратегик таъсирини кучайтириш ва Ироқ ҳамда Сурия орқали Ливандаги иттифоқчиси "Ҳизбуллоҳ"га йўл очиб бериш мақсадида кўплаб молиявий ва ҳарбий ресурсларни сафарбар қилганди. Аммо Асад режимининг қулашидан сўнг бу улкан сармоя зое кетди. Бу ўзгариш Эроннинг минтақавий роли учун кенг миқёсли салбий оқибатларга олиб келди. Исроил билан олиб борган оғир жанглардан кейин катта йўқотишларга дуч келиб, янада заифлашиб қолган "Ҳизбуллоҳ" йиллар давомида Ливанда унга куч-қудрат ва қурол-яроғ таъминотини кафолатлаб турган Суриядек бир иттифоқчидан ҳам маҳрум бўлди.
Шунингдек, Эронга тегишли Сурия билан боғлиқ стратегик инвестицияларнинг муваффақиятсизликка учраши унинг Ироқ ва минтақадаги обрўсига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Россияга келадиган бўлсак, Сурияни иттифоқчи давлат сифатида йўқотиш унинг Яқин Шарқдаги мавқеига катта зарар келтиради. Президент Владимир Путин учун Совет Иттифоқининг қулаши ХХ асрнинг энг катта геосиёсий фожеаси бўлган бўлса, Сурияни йўқотиш эса Россия учун Яқин Шарқдаги геополитик фалокат ҳисобланади.
2000-йилларнинг ўрталарида Россиянинг Асад режимини қўллаб-қувватлаш орқали можарога қўшилиши унинг ташқи сиёсатда ўз таъсирини намойиш қилишининг асосий кўринишларидан бири эди. Аммо Украина билан урушнинг катта харажатлари Россиянинг Яқин Шарқдаги мавқеига путур етказди. Шу сабабли, энди Россиянинг Яқин Шарқ сиёсати ҳамда Ливия, Судан ва Африка масалалари каби узоқ муддатли можароларга ўз таъсирини ўтказа олиши учун зарур бўлган Ўрта Ер денгизи соҳилидаги ҳарбий базаларини сақлаб қолиш қобилияти жиддий шубҳа остида қолмоқда.
Маҳмуд Аллоуч - Халқаро алоқалар бўйича тадқиқотчи













