Эрон ядро объектларидаги эҳтимолий ҳалокатнинг Ўзбекистонга ҳам таъсири бор
Иқлимшунос олим Эркин Абдулаҳатовнинг маълум қилишича, Эрон ва Исроил можаролари ортидан ядро объектларидаги эҳтимолий ҳалокатнинг Марказий Осиё минтақасига ҳам таъсири бор.
Қайд этилишича, радиоактив нурланиш фаоллашган тақдирда, муайян об-ҳаво шароитларида ана ўша ҳудудлардаги радиоактив нур Ўзбекистонга кириб келиши мумкин. Бу мамлакатимизга кириб келувчи ва ривожланувчи 15 синоптик жараённинг 2-3 тасида рўй беради. Бу жараёнлар ёзги термик депрессия ва паст босимли кичик градиентли атмосфераси соҳаси жараёнларидир. Ушбу жараёнлар 11- ва 13-тур синоптик жараёнлари дейилади.
“Бу икки жараён ёз ойларида бизнинг минтақада ҳукмрон жараёнлар экани инобатга олинса, ҳозирги шароитда Эрон ҳудудларидаги оқимларнинг бизнинг минтақага тўсиқларсиз бемалол кириб келишини тахмин қилиш мумкин”, дейди иқлимшунос.
Олдинроқ, АҚШ Эрондаги учта йирик ядровий объект – Фордо, Натанз ва Исфаҳонга зарба берганди.
Иқлимшуноснинг қайд этишича, турли сунъий йўлдош дастурий маҳсулот маълумотларига кўра, ҳозирда ушбу уч ҳудудда атмосфера таркибидаги радиация миқдори ортиб кетмагани кўрсатилмоқда.













