АҚШ, Исроил ва Украина Киевга саккизтагача Patriot ҳаво мудофаа тизимини етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Мутахассислар агар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Киевга топширилса, бу мамлакатнинг мудофаа қобилиятини сезиларли даражада оширишини таъкидлашмоқда. Шунга қарамай, жуда эҳтиёткор ишғолчи ҳукумат Исроилнинг Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича музокараларда иштирок этиши унинг Россия билан муносабатлари ёмонлашишига олиб келишидан қўрқяпти.
Собиқ Исроил элчиси Дэниел Кармон Ҳиндистонга сионистлар олдидаги қарзларини эслатиб қўйди. Кармоннинг айтишича, 1999 йилги Ҳиндистон ва Покистон уруши пайтида Исроил ҳиндларни қўллаган камсонли давлатлардан бири бўлган. Энди эса уларнинг қарзини тўлаш пайти келган. Эътиборлиси, Кармоннинг ушбу баёноти Ҳиндистон Ғазодаги бегуноҳ фаластинликларни қириш учун ишғолчиларга учувчисиз учоқлар ва артиллерия снарядларини етказиб бераётгани фонида пайдо бўлди.
Европа иттифоқининг 14-санкциялар пакети Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказувчи ёки таҳдид солувчи ҳаракатлар учун жавобгар бўлган 116 нафар жисмоний ва юридик шахсни ўз ичига олади. "Қора рўйхат"га Россия корхоналаридан ташқари, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон компаниялари ҳам киритилган. Жумладан, Ўзбекистоннинг 3 та – Alfa Beta Creative LLC, GFK Logistics Asia LLC, Mvizion LLC компанияларига нисбатан жазо чоралари қўлланилган.
Эронда бугун, 28 июнь куни муддатидан олдин президентлик сайловлари бўлди. Ушбу лавозимни эгаллаш учун форс мамлакатида тўрт номзод – уч консерватор ва бир "ислоҳотчи" курашди.
Исроил Ғазо секторида босқинчилик ва қирғинбарот урушини бошлаганига 266 кун бўлди. 24 соат давомида Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ҳамда бутун Яқин Шарқ ҳудудида содир бўлган асосий воқеалар.
Халқаро суд Ғазо секторида инсониятга қарши жиноятларни содир этганликда айбланаётган Исроил бош вазири Беньямин Нетаняху ва мудофаа вазири Йоав Галантга қарши якуний ҳукмни эълон қилишни кечиктирди. Бунга Британиянинг мазкур масалада Халқаро суд юрисдикциясига қарши аризаси сабаб бўлди.
Польша расмийлари армияга чақирув ва аҳолини Россия босқинига тайёрлаш бўйича махсус дастурни ишга туширди. Унга кўра, полякларга "таътилни армия билан бирга ўтказиш" таклиф этилади. Ҳукумат шу йўл билан армияни ёлланма аскарлар билан тўлдирмоқчи. Айни пайтда ёзги курсларда қатнашмоқчи бўлганлар 200 мингга яқин бўлиб, улар захирадаги аскарга айланади.
Россия парламенти спикери Вячеслав Володин тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикиннинг сўзларини танқид қилди. Гап шундаки, у Санкт-Петербург халқаро юридик форумида йиғилганларга мурожаат қилиб, миграция сиёсатини қаттиқлаштириш борасида қачон тузукроқ қонунлар ишлаб чиқилишини сўраган. У ушбу мурожаатида "Госдума" ўрнига "Государственная дура" (Ҳокимиятдаги аҳмоқлар маъносида) сўзларини ишлатган. Маълумот учун, йиғилишда Бастрикин Россия фуқаролигини олган 30 мингдан ортиқ "муҳожир" аниқлангани, улардан 10 минг нафари аллақачон фронтга жўнатилганини ҳам қўшимча қилганди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров "Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади. Янги темир йўл Евроосиё континентал кўпригининг жанубий тармоғига айланади ва Жануби-Шарқий, Ғарбий Осиё ҳамда Яқин Шарқ бозорларига, жумладан Туркия ва ундан кейин Европа Иттифоқига чиқишга йўл очади.
Сунний курдлар партияси HÜDA-PAR Туркия парламентига Исроилдаги урушда қатнашаётган мамлакат паспортига эга барча яҳудийларни фуқароликдан маҳрум этиш ҳақидаги қонун лойиҳасини тақдим этди. Маълум бўлишича, Туркия фуқароси бўлган 4 минг яҳудий нафақат Исроилда ҳарбий хизматни ўтаган, балки Ғазога бориб, бегуноҳ фаластинликларни қирғин қилишда қатнашган. Аниқланишича, уларнинг аксарияти ишғолчи давлатга Туркиядан эмас, балки учинчи давлатлар орқали ўтган. Қотиллар ўзларини фош қилмаслик учун турли исмлардан фойдаланган.