Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 8—9 июль кунлари Москвага ташрифи доирасида РФ Қуролли кучлари сафида Украинада уруш олиб бораётган ҳиндистонликларни ортга қайтариш бўйича келишувга эришди. Қайд этилишича, айни пайтда агентлар томонидан юқори лавозимли ишларга таклиф қилиш орқали урушга жўнатилган йигирмага яқин ҳиндистонлик жанг жабҳаларида қолмоқда, 10 нафари ватанга қайтарилган, икки ҳиндистонлик эса урушда ҳалок бўлган.
Исроил диаспора ишлари вазири Амихая Шиклининг Франциядаги парламент сайловларида Жордан Барделл ва Марин Ле Пеннинг “Миллий бирлашув” партиясини қўллаб-қувватлагани, ўта ўнглар ғалабаси Исроил манфаатларига хизмат қилиши ҳақидаги баёнотлари французлар етакчиси Эммануэл Макронни ғазаблантирди. Макрон Шиклини мамлакатдаги парламент сайловларига тўғридан-тўғри аралашганликда айблади.
Россия мусулмонлари диний бошқармаси раисининг биринчи ўринбосари, Москва ислом институти ректори, илоҳиёт фанлари доктори Дамир Мухетдинов ниқоб РФ туб мусулмон халқлари учун тарихий анъанавий либос эканини таъкидлаб, Совет Иттифоқидан олдинги даврда татарлар ва Шимолий Кавказ халқлари орасида бу кийим кенг тарқалгани бўйича тарихий далилларни мисол тариқасида келтирди.
Германия Вакиллар палатаси ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти Ал-Қассам бригадалари ўз видеоларида нишонларини кўрсатиш учун қўллаган қизил тескари учбурчакни тақиқлаш учун овоз берди. Мухолифатчи партиялар ушбу ташаббусни танқид қилиб, бу каби тақиқлар ўринсиз экани, қизил учбурчаклар эса турли ташкилотлар томонидан узоқ йиллардан буён фойдаланиб келинаётгани ва янги тартиб уларни автомат равишда жиноятчига айлантириб қўйишини таъкидлади.
Исроил Ғазо секторида босқинчилик ва қирғинбарот урушини бошлаганига 277 кун бўлди. 24 соат давомида Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ҳамда бутун Яқин Шарқ ҳудудида содир бўлган асосий воқеалар.
АҚШда президент Жо Байденнинг кейинги савловларда қатнашишга муносиб номзод эмаслиги ҳақидаги гап-сўзлар кўпаймоқда. Жумладан, Жанубий Каролинадан сенатор Линдси Грем 81 ёшли давлат раҳбарининг ақлий ва жисмоний ҳолатини текширишга чақирди. Вакиллар палатасининг 25 кишилик демократлар гуруҳи ҳам Байденни президентлик сайлови пойгасидан чиқишга чақирди. АҚШ вице-президенти Камала Харрис демократлардан ишончлироқ номзод бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Lancet тиббиёт журналида эълон қилинган тадқиқот хулосаларига кўра, Ғазо секторида Исроил томонидан 186 минг нафардан ортиқ ёки анклав аҳолисининг 8 фоизи Исроил томонидан ўлдирилган бўлиши мумкин. Тадқиқот муаллифларининг фикрича, соғлиқни сақлаш муассасалари кенг миқёсда вайрон бўлгани, озиқ-овқат ва дори-дармонларнинг кескин танқислиги ҳамда ҳозирча тозалашнинг имкони бўлмаган вайроналар остида одамлар жасадлари қолиб кетгани туфайли ҳақиқий кўрсаткич анча юқори.
Япониялик Икуто Хонгу, гарчи ўзи мусулмон бўлмаса ҳам, ижтимоий тармоқлардаги миллионлаб кузатувчиларига Ислом дини ҳақида танитиш билан шуғулланиб келмоқда. Жумладан, японларга “Мақсадим – дунёга Исломни севдириш”, – дейди у. Икуто Хонгу Ўзбекистонга ҳам ташриф буюрган, мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойлари, ўзига хосликлари ҳақида кузатувчиларига маълумот берган.
АҚШ ҳарбийлари Нигер пойтахти Ниамей аэропорти яқинидаги 101-ҳаво базасидан ўз ходимларини олиб чиқди. Нигерда ҳокимиятни қўлга киритган ҳарбий хунта Қўшма Штатларга 15 сентябргача мамлакатдаги 1000 га яқин аскари ва ҳарбий техникаларини олиб чиқиш кетишни буюрган эди.
Россия Украинанинг қатор шаҳарларига уюштирган кенг кўламли ракета ҳужумлари натижасида энг камида 37 киши ҳалок бўлди, уларнинг 3 нафари болалар, 170 дан ортиқ киши жароҳатланди. Киевда жойлашган мамлакатдаги энг йирик болалар шифохонасига жиддий зарар етди.