Эроннинг янги президенти Масуд Пезешкиан давлат раҳбари этиб сайланганидан кейин чоп этган мақоласида Россияни мамлакатининг қимматли стратегик иттифоқдоши деб атади. "Хитой ва Россия қийин пайтларда бизни доимо қўллаб-қувватлаб келган. Биз бу дўстликни чуқур қадрлаймиз”, – деди у.
The Telegraph нашри Хитой қарийб ўн йилдан буён Тожикистоннинг 4000 метр баландликдаги бориш қийин бўлган тоғли ҳудудида махфий ҳарбий база қуриб келаётганини маълум қилди. “Толибон” назорати остидаги Афғонистондан келиши мумкин бўлган таҳдидларни қайтариб қолиши ишонилган база хитой ва тожик ҳарбийларини қабул қилишга мўлжаллангани айтилмоқда.
Исроил Ғазо секторида босқинчилик ва қирғинбарот урушини бошлаганига 280 кун бўлди. 24 соат давомида Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ҳамда бутун Яқин Шарқ ҳудудида содир бўлган асосий воқеалар.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) РФ таркибидаги Адигея Республикасининг Майкоп шаҳрида жойлашган православ черковига Марказий Осиё давлатларидан бирининг фуқароси ҳужум уюштиришни режалаштирганини маълум қилди. Унинг ҳужум режасини ишлаб чиққани, ҳудудда разведка ишларини олиб боргани ва зарур жиҳозларни сотиб олиб, қўлбола ёндирувчи мослама ясагани маълум қилинди.
Ўлимлар сони туғилишлар сонидан ошиб кетган Европа Иттифоқи мамлакатлари аҳолиси 2023 йилда миграция ҳисобига кўпайди. Ўтган йил давомида ЕИга аъзо 27 давлатнинг умумий аҳоли сони 447,6 миллиондан 449,2 миллион кишига ошган.
Хитойда кредитга асосланган ривожланиш ниҳоят ўсишда тўхтаб, мамлакат ва жаҳон иқтисоди учун жиддий хавфга айланиб бормоқда. Мамлакатда бир ҳафтанинг ўзида 40 та банк ёпилди, яна 3800 та молия муассасаси банкротлик ёқасида. Уларнинг аксарияти ишлаб чиқарувчилар ва маҳаллий ҳукуматларга қарз берган.
Марокаш Исроил аэрокосмик концернидан 1 млрд долларга айғоқчи сунъий йўлдош сотиб олишни режалаштирмоқда. Француз нашрлари келишув ўтган ёзда, Исроил Ғазога бостириб киришидан аввал тузилганини тахмин қилмоқда. Бироқ Работ давом этаётган можарога қарамай, келишувни бекор қилмаган. Аввалроқ Марокаш Испаниядан ёқилғи ва озиқ-овқат ғамлаш сўровига рад жавобини олган Исроил ҳарбий кемасига ўз бағрини очган эди.
Париж олимпиадаси олдидан шаҳардаги минглаб уйсизлар автобусларда мамлакатнинг чекка ҳудудларига олиб кетилди. Уларга уй-жой ва ижтимоий ёрдам пакетлари ваъда қилинган, бироқ аксарият ҳолларда ўз ҳолларига ташлаб қўйилган.
Қозоғистон Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ўз мижозларидан 10 августгача Россия қимматли қоғозларини унинг ихтиёридан чиқариб олишни талаб қилди. Бунга АҚШ Ғазначилиги июнь ойида Москва биржаси ва Россия депозитарийсига қарши санкциялар киритгани сабаб қилиб кўрсатилди.
Федерал қидирув бюроси раҳбари Кристофер Рей америкаликларни АҚШ ҳудудида Москва яқинидаги "Крокус Сити холл"га уюштирилган ҳужумга ўхшаш теракт содир этилиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирди.