Жазоир Франциядан ядровий синовлар оқибатларини бартараф этишни талаб қилмоқда
Жазоир ҳукумати Франциядан мустамлакачилик даврида мамлакат ҳудудида ўтказилган ядровий синовларнинг оқибатларини бартараф этишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда Жазоир атроф-муҳит ва ҳаёт сифати вазири Нажиба Жилали маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Франция Жазоирда қолдирган ядровий чиқиндиларни утилизация қилиш ва бу жараён учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олиши лозим. Шунингдек, Францияга экологик офат учун тарихий, маънавий ва ҳуқуқий жавобгарликни тан олиш талаби қўйилмоқда.
“Ушбу ташаббус ҳозирги ва келажак авлодларнинг соғлом ва барқарор атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган”, – дея таъкидлади вазир.
Жазоир ҳукумати бу талабларни миллий экологик қонунчиликка киритишни режалаштирмоқда.
Маълумотларга кўра, 1960-1966 йиллар давомида Франция Жазоирда 17 та ядровий синов ўтказган. Биринчи бомба – "Gerboise Bleue" 1960 йил 13 февралда Регган шаҳрида портлатилган бўлиб, унинг таъсири Хиросимага ташланган бомбадан тўрт баробар юқори бўлган. Жазоир Инсон Ҳуқуқлари Лигаси маълумотларига кўра, ушбу синовлар натижасида 24 мингдан ортиқ киши радиация таъсирига учраган, бу эса минтақада саратон ва ирсий касалликларнинг кўпайишига олиб келган.
Жазоир Франциянинг мустамлакачилик давридаги жиноятлари ҳақида бир неча бор эслатган, аммо Париж ҳозиргача ядровий синовлар учун расмий равишда жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.













