Ўтган ҳафта Трамп Форс кўрфази мамлакатларига қилган сафари ортидан Вашингтонга қайтиб келгач, журналистларга шундай деди: «Бу тўрт кун ажойиб ўтди, ҳақиқатан ҳам тарихий тўрт кун бўлди».

Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларига (БАА) ташрифи чоғида у одатдаги услубда таъкидлади: «Бу даражада иш ўринлари ва шунча пул – бундай ҳолат ҳали ҳеч қачон бўлмаган».

Президент сафари давомида бир қатор савдо шартномалари имзоланганини, натижада АҚШ умумий ҳисобда 2 триллион доллардан зиёд маблағ қўлга киритишини маълум қилди.

Сафарнинг ташкил этилиши ҳақиқатан ҳам оламшумул бўлди: Форс кўрфазининг ҳар уч давлати Трампни ҳайратга солиш учун барча имкониятларини ишга солди.

Натижада ташриф дастурига нафақат ҳашаматли кутиб олиш концертлари, балки президент самолётини шарафли эскорт сифатида ҳарбий самолётлар ҳамроҳлигида қарши олиш, юқори меҳмон шарафига 21 марта отилган тўп салюти, Tesla компаниясининг кибер юк машиналари автопарки, шоҳона туялар, тоза қонли араб отлари, шамширли рақслар ва бошқа экзотик кўринишлар ҳам киритилди.

БАА Трампни Зайд ордени билан тақдирлади — бу мамлакатнинг энг олий мукофоти бўлиб, у фақат алоҳида дўстона давлатлар раҳбарларига берилади.

Ташрифнинг ташқи кўриниши таъсирли ва тантанали бўлди: ўз иқтисодий манфаатларини тарғиб қилаётган Яқин Шарқнинг энг бой нефть давлатлари ҳашамат ва бойлик орқали шунчаки эмас, балки очиқ ва намоён тарзда АҚШ билан муносабатларни мустаҳкамлаш учун катта маблағ сарфлашга тайёр эканини кўрсатди.

Яқин Шарққа парвозидан олдин Трамп ўзини фахр билан «шартномаларнинг олий бош қўмондони» деб атади ва ташрифнинг асосий мақсади — миллиардлаб долларлик инвестицияларни жалб қилиш эканини очиқ билдирди. Ва биринчи қарашда, бу мақсад амалга ошгандек туюлди.

Саудия Арабистонида валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон мамлакат АҚШ билан қўшма шериклик доирасида 600 млрд доллар сармоя киритиш мажбуриятини тасдиқлади.

Бу сумма қурол-яроғ етказиб бериш, сунъий интеллект соҳасидаги ишланмалар, соғлиқни сақлаш, инфратузилма лойиҳалари ва илмий ҳамкорликни ўз ичига олган кенг қамровли келишувларни ўз ичига олади.

142 млрд долларлик қурол битими алоҳида эътибор қозонди. Оқ уй буни тарихдаги энг йирик қурол сотиш шартномаси деб атади.

Бироқ ушбу рақамлар ҳақиқийлигидан шубҳа қилинмоқда.

2017–2021 йиллар оралиғидаги биринчи президентлик муддати давомида Трамп АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 450 млрд долларга етганини айтган эди.

Аммо Форс кўрфази араб давлатлари институти тўплаган маълумотларга кўра, 2017–2020 йиллар оралиғидаги реал савдо ва инвестиция оқими 300 млрд долларга ҳам етмаган.

Бу ҳисобот муаллифи — Тим Каллен, ўтмишда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг Саудия Арабистонидаги миссияси раҳбари бўлган, ҳозирда эса Форс кўрфази араб давлатлари институтида илмий ходим сифатида фаолият юритади.

«Аслида бу шартномалар ҳақида фақат улар амалга оширилганини кўрганимиздагина гапириш мумкин» — деб ҳисоблайди у.

У бу шерикликда ҳал қилувчи ролни айнан БАА ва Саудия Арабистони билан сунъий интеллект (СИ) соҳасидаги ҳамкорлик бўйича тузилган шартномалар ўйнаганини қўшимча қилади. Чунки “бу ерда янги глобал тартибни қандай қуриш ва ўзаро алоқаларни қандай шакллантириш мумкинлигини англашга ҳаракат қилаётганлар аниқ кўринади”.

СИга шунча катта эътибор қаратилиши бу технологиянинг стратегик аҳамияти қанчалик ортиб бораётганини ҳам, америкалик дипломатлар учун унинг устувор мақомга чиққанини ҳам намоён этади. Трампнинг сафарига OpenAI раҳбари Сэм Олтман, Nvidia бош директори Женсен Хуанг ва Grok AI соҳиби Илон Маск ҳамроҳлик қилган.

Ташриф арафасида Оқ уй Байден маъмурияти жорий этган илғор америкалик чипларни экспорт қилишга қаратилган қаттиқ чекловларни бекор қилди. Бу билан баъзи давлатларга юқори технологияли чиплардан эркин фойдаланиш имконияти берилди, бошқалар эса бу имкониятдан маҳрум этилди.

Қолган тахминан 120 та мамлакат, жумладан Форс кўрфази давлатлари, шу икки чўққи орасида қолиб кетди. Уларга АҚШдан импорт қилинадиган чиплар сонига нисбатан қаттиқ чекловлар жорий этилди. Бу эса айниқса нефтдан воз кечишни режалаштираётган ва иқтисодиётини янги технологиялар билан диверсификация қилишга шошилаётган Саудия Арабистони каби мамлакатларни хурсанд қилмади.

Саудия Арабистони ҳам, ОАЭ ҳам сунъий интеллектга асосланган катта маълумот марказларини қуришга шошилмоқда. БАА пойтахти Абу-Даби эса дунёдаги сунъий интеллект марказига айланишни мақсад қилган.

БАА Вашингтонни тинчлантириш учун жиддий ҳаракат қилмоқда: америкалик технологик компаниялар билан шерикликни чуқурлаштирмоқда, Хитой компаниялари билан алоқаларни чекламоқда, миллий хавфсизлик соҳасида АҚШ билан яқин ҳамкорликни кучайтирмоқда.

Ал-Саифнинг сўзларига кўра, БАА “сунъий интеллект масаласида америкаликларга ишонч билдирмоқда”: “Биз 1990-йиллардаги технологиявий бурилиш айнан АҚШдан бошланганини кўрганмиз”.

Саудия Арабистонидан сўнг Трамп Қатарга йўл олди.

Қатарда Трамп “иқтисодий алмашинув” ҳажми камидa 1,2 трлн доллар эканини баён этди. Бироқ сафардaги натижаларга бағишланган Оқ уйнинг расмий ахборот бюллетенида икки давлат ўртасида эълон қилинган барча шартномалар йиғиндиси 250 млрд долларга ҳам етмаслиги қайд этилган.

Қатар томонидан тасдиқланган шартномалардан бири — Qatar Airways компаниясининг оғир аҳволга тушган америкалик Boeing корпорациясидан 200 та йўловчи самолётини 96 млрд долларга сотиб олиши бўлди.

Оқ уйнинг баёнотига кўра, 8 йиллик шартномани амалга ошириш жараёнида АҚШда қўшимча 154 мингта иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Шу орада ОАЭ эса АҚШдан ташқари ҳудуддаги энг йирик сунъий интеллект кампусини барпо этиш бўйича шартнома имзолади. Маълумотларга кўра, ушбу лойиҳа учун 2026 йилдан бошлаб уларга Nvidia компаниясининг 500 минг дона энг янги микрочиплари тақдим этилади.

Бу лойиҳа ОАЭнинг келаси 10 йил ичида АҚШга умумий 1,4 трлн доллар сармоя киритиш бўйича кенг қамровли мажбурияти доирасига тўлиқ мос келади.

Трампга хос бўлган ваъдаларни бажаришдаги муаммолардан ташқари, бу катта рақамларни амалга оширишга тўсқинлик қилувчи яна бир эҳтимолий омил — бу нефть нархларидир.

Апрель ойида нефть соҳасидаги нархлар сўнгги тўрт йил ичидаги энг паст кўрсаткичга тушиб кетди. Бу — Трамп томонидан жорий этилган божлар жаҳон иқтисодий ўсишини секинлаштириши мумкин деган хавотирлар фонида содир бўлди. Бундан ташқари, ОПЕК давлатлари нефть қазиб олиш ҳажмини ошириш ниятида эканини эълон қилгани ҳам нархларнинг тушишига ҳисса қўшди.

Январдан бошлаб нефтнинг жаҳон нархлари туша бошлаши Саудия Арабистонидаги молиявий вазиятни янада оғирлаштирди. Давлат олдига қўйилган катта ривожланиш мажбуриятларини бажариш учун у энди ёки давлат қарзини ошириши ёки харажатларни қисқартириши керак.

Ўтган ойда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Саудия Арабистонининг 2025 йил учун иқтисодий ўсиш прогнозини 3,3 фоиздан 3 фоизга пасайтирди.

“Ҳозирги нефть нархлари шароитида Саудия Арабистони учун Трамп эълон қилган 600 млрд долларни топиш жуда оғир бўлади”, — дея таъкидлайди профессор Каллен.

Бошқа таҳлилчилар эса Трамп сафари чоғида имзоланган келишувларнинг кўпчилиги ҳеч қандай мажбурият юкламайдиган ўзаро англашув меморандумлари эканини қайд этади. Улар расмий шартномалар эмас ва ҳар доим ҳам ҳақиқий битимга айланавермайди.

Шунингдек, умумий келишувга “янги битим” сифатида киритилган баъзи шартномалар аслида сафардан анча олдин эълон қилинган бўлган.

Масалан, Саудиянинг Aramco нефт компанияси америкалик компаниялар билан 90 млрд долларгача бўлган 34 та келишув имзоланганини маълум қилди. Бироқ уларнинг кўпчилиги айнан ўзаро англашув меморандумлари бўлиб, аниқ молиявий мажбуриятларни ўз ичига олмайди.

Янги деб эълон қилинган шартномалар орасида NextDecade компаниясидан ҳар йили 1,2 млн тонна суюлтирилган табиий газ харид қилиш бўйича 20 йиллик келишув ҳам бор. Аммо ушбу битим ҳақидаги маълумот бир неча ой аввалоқ эълон қилинган эди.

Трампнинг ташрифини икки томон ҳам “тўлиқ ғалаба” сифатида баҳолади. Форс кўрфази давлатлари, айниқса Саудия Арабистони учун бу Байден маъмурияти даврида сўнган шерикликни қайта тиклаш ва Эр-Риёднинг дунёдаги геосиёсий таъсирини яна бир бор кўрсатиш имкони бўлди.

Трамп учун эса бу ташриф, “триллионлаб” янги инвестициялар тўғрисидаги баёнотлари фонида, унинг иқтисодий дастурини асослашга ва уни самарали деб кўрсатишга хизмат қилди. У жорий қилган божлар дунё савдосини издан чиқарди ва АҚШнинг ўзида ҳам сўнгги уч йилда илк марта саноат ишлаб чиқариш кўлами пасайишига олиб келди.

Форс кўрфазида тузилган шартномалар Трамп томонидан унинг иқтисодий сиёсатининг муваффақияти сифатида кўрсатилади.

Манба: BBC Russian

Мавзуга алоқадор