Суриядаги ҳукуматга қарши гуруҳлар яна 20 та қишлоқни назорат остига олди
Ҳукуматга қарши қуролли гуруҳлар Суриянинг Ҳама шаҳри марказидан тахминан 5 километр узоқликда Башар Асад режими кучлари билан тўқнашиб, яна 20 қишлоқни назорат остига олди, деб ёзди Anadolu агентлиги.
27 ноябрдан буён Асад режими кучлари билан тўқнаш келган “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” (ҲТШ) ҳаракати бошчилигидаги ҳукуматга қарши гуруҳлар Ҳама вилояти марказига қараб ҳаракат қилмоқда.
Гуруҳлар Ҳама марказидан тахминан 5 километр узоқликдаги режим кучларини тўпга тутиб, яна 20 та аҳоли пунктини назорати остига олди. Гуруҳлар, шунингдек, марказий Ҳама ҳудудидаги зирҳли кучлар мактаби, Хаттаб арсенали, Суруж ҳарбий базаси ва 25-бригадани қўлга киритди.
Ҳама шимолидан олдинга силжишда давом этаётган ҳукуматга қарши гуруҳлар шаҳарнинг шарқий ва ғарбий йўналишларида ҳам жанг олиб бормоқда.
Бунга жавобан Сурия ва Россия қўшинлари Ҳалаб ва унинг атрофидаги ҳудудларда мухолифат позицияларига ҳаводан зарбалар берди, бироқ зарбалар натижасида тинч аҳоли орасида ҳам қурбон бўлди.
Сурияда вазиятнинг кескинлашуви
Суриянинг Ҳалаб ва Идлиб вилоятларида Асад режими кучлари билан режимга қарши қуролли гуруҳ ўртасида бир ҳафтадан бери шиддатли тўқнашувлар давом этмоқда.
27 ноябрь куни Сурия шимолидаги Ҳалаб вилоятининг ғарбий қисмида Асад режими кучлари билан режимга қарши қуролли гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар юз берди.
27—28 ноябрь кунлари қуролли гуруҳлар Ҳалабнинг ғарбий туманларидан марказга тезлик билан олдинга ўтди ва 30 ноябрда марказнинг катта қисми устидан назорат ўрнатди.
30 ноябрь куни қуролли кучлар Хон Шайхун шаҳрини эгаллаб, Идлибнинг бутун ҳудуди устидан назорат ўрнатди. Ҳама вилоятида мухолифат кучайиб бормоқда.
1 декабрь куни Сурия миллий армияси “Озодлик тонги” операцияси доирасида Тел-Рифат ҳудудини ЙПГ (ПККнинг Сурия қаноти) террористларидан озод қилди.













