Сурия раҳбари Россия билан алоқаларни узмоқчи эмас
Суриянинг янги раҳбари Аҳмад аш-Шаръ Россия билан яқин стратегик муносабатларни давом эттириш ниятида эканлигини билдирди. У Москва билан муносабатларни узишдан кўра, ҳамкорликни сақлаш муҳимлигини таъкидлади.
Сурия етакчиси Россияни дунёдаги иккинчи қудратли давлат сифатида таърифлаб, бу мамлакатнинг Суриядаги аҳамиятига изоҳ берди.
«Суриянинг барча қуроллари Россиядан келтирилган ва кўплаб электр станциялар россиялик мутахассислар томонидан бошқарилади. Биз Россиянинг Сурияни тезкор тарк этишини истамаймиз», деди у.
Россиянинг Суриядаги ҳарбий базалари ва қўшма операциялари Асад режими даврида ҳукуматнинг ҳокимиятда қолишида муҳим роль ўйнаган. Шунга қарамай, аш-Шаръ янги ҳукуматнинг Россия билан муносабатларини қайта кўриб чиқишини билдирди.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг таъкидлашича, Россия базалари тақдири бўйича музокаралар ўтказилади.
«Фақат базаларни сақлаб қолиш эмас, балки уларнинг техник фаолияти, таъминот ва маҳаллий ҳамкорлик шартлари муҳокама қилиниши лозим», дейди Лавров.
Аш-Шаръ мамлакатдаги ўтиш жараёни давомида Сурияда барқарорликни сақлаш ва ташқи иттифоқлар билан ҳамкорликни йўқотмаслик кераклигини таъкидлади. Шунингдек, у Россия ва Сурия ўртасидаги умумий стратегик манфаатларга урғу берди.













