Саудия Арабистонида наркотик моддалар савдоси туфайли 6 нафар Эрон фуқароси қатл этилгани маълум қилинди.  Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, аввалроқ 6 нафар Эрон фуқароси мамлакатга марихуана контрабандаси учун ҳибсга олинган ва ўлим жазосига ҳукм қилинган. Қатл қачон амалга оширилгани ҳақида маълумот берилмаган.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчиси Абдулла бин Сауд Ал-Анзийни вазирликка чақириб, қатлларга "қатъий эътироз" билдирди. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик ишлари бошқармаси бош директори Карими Шасати Саудия Арабистони элчиси билан учрашувда “Кўзда тутилган шахслар Саудия Арабистони адлия тизими томонидан бир неча йил аввал гиёҳванд моддалар савдоси айби билан ўлимга ҳукм қилингани ва бу даврда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги доимий равишда уларга консуллик хизматларини тақдим этишга ва жазо чораларини юмшатишга ҳаракат қилгани таъкидланган. "Бироқ элчихонани олдиндан хабардор қилмасдан ўлим жазосини ижро этиш қабул қилиниши мумкин эмас ва халқаро ҳуқуқ қоидалари, жумладан, Консуллик муносабатлари тўғрисидаги конвенция талабларини бузади".

Учрашувда Саудия Арабистони элчиси Ал-Анзийга “Эроннинг норозилик нотаси” етказилган ва Саудия Арабистонидан бу мавзуда керакли баёнот бериш талаб қилинган.

2016 йилнинг 2 январида Саудия Арабистонида 47 киши, жумладан, шиа уламоси Нимр ан-Нимр “терроризм”да айбланиб қатл этилганди. Бунинг ортидан эронлик намойишчилар томонидан Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонаси ва Машҳад шаҳридаги консуллик бинолари ёқиб юборилди. Яманда 2015 йилнинг март ойида бошланган инқироз туфайли аллақачон таранглашган икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар бутунлай узилди.

Эрон ва Саудия Арабистони 2023 йилда Хитой пойтахти Пекинда бўлиб ўтган учрашувдан сўнг 7 йилдан кейин дипломатик муносабатларни тиклашга келишиб олди.

Мавзуга алоқадор