Саудия Арабистони Афғонистон билан дипломатик муносабатларни тиклади
Саудия ҳукумати Афғонистондаги вазиятнинг барқарорлашганини инобатга олган ҳолда Кобулдаги дипломатик ваколатхонаси фаолиятини қайта тиклашга қарор қилди. Саудия ташқи ишлар вазирлиги 22 декабрь куни расмий баёнот билан чиқиб, Афғонистон билан дипломатик муносабатларни тиклаганини эълон қилди.
Кобулнинг муносабати
Афғонистон ҳукумати Саудиянинг ушбу қарорини олқишлади. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Зиё Аҳмад бу қарорни муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолади.
“Биз Саудия Арабистони ва Афғонистон ўртасидаги алоқаларнинг ривожланишига катта умид билдирамиз. Бу орқали Саудияда яшовчи афғонларнинг муаммоларини самарали ҳал қилиш имконияти пайдо бўлади”, - деди у.
Саудия Арабистони 2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимият ўзгариши ва вазиятнинг беқарорлашуви сабабли ўз дипломатларини Кобулдан чиқариб олган эди. Бироқ ўша йилнинг ноябрь ойида Саудия консуллиги қисман иш бошлаб, гуманитар ёрдам етказиб беришда фаол бўлган. Энди эса вазият барқарорлигини кўриб, Ар-Риёд Кобул билан тўлиқ дипломатик муносабатларни тиклашга қарор қилди.
Мазкур қарор Афғонистон ва Саудия ўртасидаги муносабатларни яхшилашга, жумладан, иқтисодий ҳамкорлик, гуманитар ёрдам ва Афғонистонда истиқомат қилувчи Саудия фуқаролари ва муҳожирларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида янги имкониятлар очиши кутилмоқда.













