Қўриқлаш хизмати Жанубий Корея президентини ҳибсга олишга халақит берди
3 январь куни Жанубий Кореянинг Жиноят қидирув хизмати (CIO) ва полиция ходимлари президент Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш учун Сеулдаги қароргоҳга етиб келди. Yonhap агентлигининг хабар беришича, терговчилар маҳаллий вақт билан соат 7:20 да қароргоҳга келган ва 8:00 да унинг ҳудудига киришга уринган.
Бироқ қўриқлаш хизмати ва ҳарбийлар уларнинг йўлини тўсиб қўйишди. Тошкент вақти билан 5:54 ларда терговчилар ҳарбий хизматчиларнинг икки қаторини ёриб ўтишга муваффақ бўлди, аммо қўриқчилар президентнинг ички ҳудудга киритилмаслигини таъминлашди.
Президент қароргоҳида тартибни сақлаш учун 45 та махсус бўлинма ва 2700 нафар полиция ходими жойлаштирилди.
Шунингдек, Юн Сок Ёлнинг 1200 нафар тарафдори йиғилиб, президентни ҳимоя қилиш ва импичментни бекор қилишни талаб қилишди. Тарафдорлар полиция билан тўқнашувларга боришди.
Маълумот учун, Сеул ғарбий округ суди 3 декабрда Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш учун ордерни тасдиқлаган эди. Президент ҳарбий ҳолат жорий этиш қарори сабаб ҳокимиятдан четлатилган ва бу ҳаракат конституцияга зид деб баҳоланган.
Шунингдек, президент қароргоҳи ва бошқа жойларда тинтув ўтказиш учун ҳам ордер берилган.













