Покистон ва Афғонистондаги вазият кескинлигича қолмоқда. 24 декабрь куни Покистоннинг Афғонистон шарқида амалга оширган ҳаво ҳужумлари камида 46 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Покистон ҳукумати бу ҳужумлар “Таҳрик-и Толибон Покистон” (ТТП) жангарилари яширинган террористик бошпаналарга қаратилганини билдирди. Бироқ Афғонистон ҳукумати қурбонлар кўпчилигини аёллар ва болалар ташкил этганини маълум қилди.

Бу ҳодисага жавобан Афғонистондаги толиблар чегарага ҳарбий техника ва 15 минг аскарни жойлаштирди. Британия оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, толиблар аллақачон Покистоннинг бир нечта чегара позицияларига ҳужум қилиб, уларни йўқ қилган. Чегарадаги зўравонликлар ҳозиргача давом этмоқда.

Толибон вакилларидан бири Британиянинг The Telegraph газетасига берган интервьюсида вазият янада кескинлашса, ҳар қандай натижага тайёрлигини айтган. 

"Уларда ядро қуроли бўлса ҳам бизга фарқи йўқ. Аллоҳ биз билан эканини биламиз ва ишонамиз," деган у.

Покистон ҳукумати эса Афғонистон толибларини мамлакатдаги террористик ҳужумларда айбламоқда. Покистонда фаолият юритувчи ва зўравонликларда айбланган ТТП жангари гуруҳининг Афғонистонда бошпана топгани ҳақида маълумотлар бор. Биргина 2024 йилда ТТП Покистон хавфсизлик кучларига 444 марта ҳужум уюштиргани ва 685 кишини ҳалок қилгани айтилмоқда.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳисоботига кўра, ҳозирда Афғонистон ҳудудида 6500 га яқин ТТП жангариси яширинган. Толибон эса бу гуруҳни террорчилар сифатида тан олмайди ва ҳокимиятини қўлга киритгач, уларни қамоқдан озод қилган.

Мавзуга алоқадор