Британиянинг Петерборо шаҳрида жойлашган iCare мусулмон хайрия ташкилоти озиқ-овқат нархлари ошиб бораётган бир пайтда қашшоқликдан жабр кўраётган маҳаллий аҳолига ёрдам кўрсатмоқда. AboutIslam.net нашрининг хабар беришича, ташкилотга ёрдам сўраб мурожаат қилувчилар сони кескин ортиб бормоқда.

Жамғарма Петерборо шаҳридаги Хадича масжидида фаолият юритиб, турли дин ва миллат вакилларига хайрия ёрдами кўрсатмоқда. iCare асосчиси Оқил Халил маълум қилишича, 2024 йил давомида ташкилот 2800 та иссиқ овқат, 1550 та озиқ-овқат посилкалари ва тез ёрдам тўпламлари тарқатган.

"Кўплаб янги одамларнинг ёрдам сўраётгани бизни хавотирга солмоқда. Афсуски, баъзи оилалар энди озиқ-овқат сотиб олиш ва уйни иситиш ўртасида танлов қилишга мажбур. Бу ҳақиқат", дейди Халил.

Ташкилот 2021 йилда иккита фаол томонидан ташкил этилган бўлиб, ўшандан бери 60 000 кишига ёрдам кўрсатган. Хайрия дастурлари орқали озиқ-овқат, кийим-кечак, болалар учун зарур буюмлар ва гигиена воситалари тарқатилган, шунингдек, аҳолига иқтисодий вазиятдан чиқиш бўйича маслаҳатлар берилган.

Халилнинг айтишича, иқтисодий инқироз кучайгани сайин, хайрияга бўлган эҳтиёж ҳам ортмоқда. Агар аввал одамлар ёрдам сўрашдан уяладиган бўлса, ҳозир бу ҳолат тобора камайиб бормоқда.

"Яшаш нархи ошиб бораётгани билан бирга, одамларнинг ёрдам сўрашга бўлган стигмаси ҳам йўқолмоқда. Бизга мурожаат қилганлар орасида ейдиган ҳеч нарсаси йўқ оилалар, болалар учун кийим-кечак ва дори-дармонга муҳтож одамлар жуда кўп", - деди у. 

iCare хайрия жамғармаси Петерборода ҳамма муҳтожларга, миллатидан ва динидан қатъи назар, ёрдам кўрсатишда давом этмоқда.

Мавзуга алоқадор