Исроилнинг Ғазо мактабига ҳужумида 43 киши ҳалок бўлди
Аввалроқ Ғазо фуқаролик мудофааси департаменти Халил Увейда мактабида Исроил ҳужумидан кейин куйган жасадлар топилгани ҳақида хабар берган эди.
Исроилнинг Ғазо сектори шимолидаги Байт Ханун шаҳрида, кўчирилганлар бошпана олаётган Халил Увейда мактабига уюштирган ҳужумида 43 фаластинлик ҳалок бўлди.
Фаластин ҳукумати матбуот бўлими раҳбари Исмоил ас-Савабита матбуот анжуманида ички кўчирилганлар жойлашган мактабнинг ўққа тутилиши натижасида камида 43 киши ҳалок бўлганини айтди.
Шунингдек, у Ғазога ҳужумлар бошланган 7 октябрдан бери Исроил 213 дан ортиқ бошпаналарни нишонга олганини таъкидлади.
Ал-Савабитанинг қўшимча қилишича, Исроил кучлари фуқаролик мудофаасининг тўрт нафар ходимини ўлдириб, ҳалок бўлган қутқарувчиларнинг умумий сонини 94 нафарга етказган.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги икки кун ичида Исроил Нусайрат ва Буриж қочқинлар лагерларига янги ҳужумлар уюштирди, натижада 42 фаластинлик ҳалок бўлди.
Унинг таъкидлашича, тиббиёт ходимлари тез-тез ҳужумга учраган, хусусан, Ғазо шимолидаги Камол Адуан касалхонасида бир неча шифокор ва тиббиёт ходимлари ҳалок бўлган.
Департамент маълумотларига кўра, 1500 га яқин одам бошпана топган мактаб артиллерия ва тартибсиз отишмаларга учраган. Камида 10 киши тириклайин ёқиб юборилган.
7 октябрдан бери Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумлари натижасида 44 976 киши, жумладан 17 492 бола ва 11 979 аёл ҳалок бўлди. 106 759 киши жароҳатланган.













