Исроил сулҳни бузяптими?
Ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув эълон қилинганига қарамай, Исроилнинг Ғазо секторини бомбалаши оқибатида бугун эрталабдан бери 50 га яқин одам ҳалок бўлди. Уларнинг орасида аёллар ва болалар бор.
Ғарбга яқин манбаларнинг ёзишича, Исроил сулҳ битимини тасдиқлашдан бош тортмоқда. Бош вазир Биньямин Нетаньяху бунга ҲАМАС келишувларнинг айрим қисмларидан қайтганлигини сабаб қилиб келтиряпти.
Қизиғи ушбу баёнот Ғазода 15 ойлик урушга чек қўйиши мумкин бўлган сулҳ эълон қилинганидан 24 соат ўтмай, янгради.
Фаластин қаршилик ҳаракати сиёсий бюроси аъзоси Иззат ал-Ришқ эса ҲАМАС келишувга содиқ эканини таъкидлаган.
Бироқ Исроил телерадиокомпанияси (КАН) босқинчи мамлакат ҳукумати муҳокамалар давом этаётгани сабабли келишувни тасдиқлашни ортга сураётгани ҳақида хабар берган.













