Исроил фаластинлик маҳбусларни озод қилишни тўхтатди
Исроил ҲАМАС асирлигидан гаровга олинганларни қайтариш жараёнига норозилик билдириб, фаластинлик маҳбусларни озод қилишни тўхтатди. Бу ҳақда The Times of Israel нашри Бош вазир Биньямин Нетаняху идораси баёнотига таяниб хабар қилди.
Маълумотларга кўра, жараён тўхтатилган пайтда фаластинлик маҳбуслар аллақачон автобусларга чиқарилган ва қамоқхона ҳудудидан ташқарига олиб кетилган эди.
Исроил ҲАМАСнинг сўнгги асир алмашинувидан норозилигини билдириш мақсадида Қатар ва Миср воситачилари билан боғланган. Бош вазир Нетаняху озод қилинган фуқаролар – Арбел Еҳуд ва Гади Моше Мосес Қизил Хочга топширилаётганда юз берган воқеаларга шошилинч муносабат билдирди.
"Мен бундай даҳшатли манзаралар такрорланмаслигини ва гаровга олинганларнинг хавфсизлиги кафолатланишини талаб қиламан", – деди Нетаняху.
Бу қарор Исроилнинг фаластинлик маҳбуслар билан боғлиқ сиёсатида янги бурилишни англатиши мумкин. Озодликка чиқарилиши керак бўлган фаластинликлар, шу жумладан сиёсий маҳбуслар, қайта қамоқхонага қайтарилгани ҳақида расмий изоҳ берилмаган.













