Ироқ жанубида зиёратчилар йўл-транспорт ҳодисасига учради. Қурбонлар бор
Ироқ жанубида шиа зиёратчиларни олиб кетаётган автобус автомобил билан тўқнашиб кетди. Ҳодиса натижасида етти киши ҳалок бўлиб, 40 дан ортиқ одам жароҳат олган, деб хабар бермоқда AFP.
Фожиа Дивония вилоятидан Нажафга йўл олиб кетаётган автобус иштирокида содир бўлган.
Ироқ соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Амир ал-Кинонийнинг маълум қилишича, ҳаётдан кўз юмганлар орасида тўрт эркак, икки аёл ва бир қиз бор. Жароҳатланган 42 кишидан икки нафарининг аҳволи оғир.
Нажаф ва Карбало шаҳарлари шиа мусулмонларининг муқаддас зиёратгоҳлари бўлиб, бу ерларга ҳар йили миллионлаб зиёратчилар ташриф буюради. Аммо Ироқдаги йўллар ҳолати ёмон бўлгани сабабли, йўл-транспорт ҳодисалари тез-тез содир бўлиб туради.













