Ҳиндистон мудофаа вазири Ражнатх Сингҳ, Жанубий Кашмирдаги террор ҳужумига жавобан Покистонга қарши бошланган «Синдур операцияси» ҳақида гапириб, «Бу ҳали якунланмади. Бу фақат трейлер эди», деди.

Hindustan Times нашри хабарига кўра, Сингҳ Гужарат штатида жойлашган Бҳуж Рудра Мата ҳарбий-ҳаво базасига ташрифи чоғида журналистларга маълумот берди. У Покистонга қарши ҳарбий операция давом этаётганини ва натижа бериши учун ҳаракатлар тўхтамаслигини таъкидлади. Шунингдек, у Покистон фаолиятлари қатъий кузатилаётганини билдирди.

Сингҳ операция давомида Покистон инфратузилмасига жиддий зарар етказилганини, айрим ҳаво базалари йўқ қилинганини иддао қилди.

Шунингдек, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Ҳиндистон билан мавжуд кескинлик юзасидан Нью-Дели билан тинчлик ҳақида гаплашишга тайёр эканини билдирди. Dawn нашрига кўра, Шариф Пенжобдаги Камра ҳарбий-ҳаво базасига ташрифи пайтида икки мамлакат муносабатларига баҳо берди.

У Исломобод маъмурияти муаммоларни тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори эканини ва «тинчлик ҳақида гаплашишга тайёр эканини» маълум қилди. Шунингдек, Шариф Пахалгамдаги террор ҳужумига Покистон алоқадорлиги ҳақида Ҳиндистон томони айтган фикрларни рад этди.

Покистон бош вазири ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Ишақ Дар Сенатда сўзлаб, 10 май куни АҚШ воситачилигида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишуви 18 майгача узайтирилганини маълум қилди. У «Масала охир-оқибат мулоқотга бориб тақалади», деди. Барча муаммолар музокара орқали ҳал қилиниши ва жаҳон жамоатчилиги олдида ҳам бундай мулоқот олиб борилишини билдирганини таъкидлади.

22 апрель куни Ҳиндистоннинг Жанубий Кашмирдаги Пахалгам ҳудудида 26 кишининг ўлимига сабаб бўлган террор ҳужумига жавобан, 6 май куни Ҳиндистон Покистон ҳудуди ҳамда Покистон назоратидаги Озод Кашмирга ракета зарбалари берган эди. Бу воқеалар икки давлат ўртасида кенг кўламли тўқнашувларнинг бошланишига сабаб бўлди.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди бу ҳарбий амалиётларни «Синдур операцияси» деб атаган ва уни «ифтихор лаҳзаси» сифатида таърифлаган. Ҳинд тилидаги изоҳга кўра, «Синдур» сўзи турмушга чиққан ҳинду аёллари пешонасига суртиладиган қизил ҳуснобини англатади.

Икки давлат 10 май куни АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришганди.

Мавзуга алоқадор