Ғазодан Украинагача: 2024 йил – урушлар йили
Йил охирлаб борар экан, Исроилнинг Ғазо ва ишғол остидаги Ғарбий Соҳил бўйлаб фаластинликларга қарши шафқатсиз ҳужумлари давом этмоқда. Шу билан бирга, Украина ва Россия ўртасида урушда тўхташ белгилари кўринмаяпти, узоқ давом этган можаро ҳал этилмай қолмоқда.
Ғазо ва ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда қон тўкилиши мисли кўрилмаган даражага етди. 2024 йилда 35 000 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, бу 1948 йилда Исроил босқини ва сионистик тажовуз бошланганидан бери энг кўп қурбон берилган йил бўлди. Украина ҳам ўзининг энг қонли даврини бошидан кечирди, можарода ҳар икки томонда 67 000 киши ҳалок бўлди.
Ливанда "Ҳизбуллоҳ" ва Исроил ўртасида ноябрь ойининг охиридан буён 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш келишуви амал қилмоқда. Бироқ бу йил аллақачон 4000 га яқин ливанлик ҳалок бўлди ва Нетаняху ҳукумати турли баҳоналар билан мақсадли зарбалар бериб, сулҳни бир неча бор бузди.
Ноябрь сўнгида Сурия ҳайратланарли бурилишни бошидан кечирди: мухолифатнинг кутилмагандаги ҳужуми натижасида 11 кун ичида Асад режими ағдарилди. Мамлакат ноодатий тарзда тинч ҳолатни сақлаб қолишга эришди.
Умуман олганда, 2024 йил қонли йил бўлди. Қуролли можаролар жойлашуви ва воқеалар маълумотлари (ACLED) лойиҳасига кўра, дунё бўйича жами 233 000 киши ҳалок бўлди, бу ўтган йилга нисбатан 30 фоизга кўпдир. 2019 йилдан бери ўлимга олиб келадиган зўравонлик ҳаракатлари икки баравар кўпайди ва ҳар саккиз кишидан бири можароларга дучор бўлди. Булар орасида фаластинликлар "энг юқори даражадаги зўравонлик"ни бошдан кечирдилар.
Қуйида йил давомида тўртта йирик можаро: Ғазо, Ливан, Украина ва Суриядаги воқеалар ҳақида қисқача маълумот берилади.
Ғазога ҳужум
2024 йил фаластинликларнинг азоб-уқубатлари тарихидаги энг қайғули йил бўлиб, сионистик қатағон ва қирғинларнинг бир асрлик даврини ҳам ортда қолдирди.
Шиддатли зўравонликлар давом этаётган бўлса-да, ҳар икки томон музокарачилари Қатарда йиғилгани сабабли ҲАМАС ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатишга умид пайдо бўлмоқда.
Ўтган ҳафта Исроил мудофаа вазири Исроил Кац музокараларнинг ҳозирги босқичини "сўнгги келишувдан кейин гаровга олинганлар бўйича келишувга энг яқин бўлганимиз" деб таърифлаб, 2023 йил ноябрь ойида 100 дан ортиқ исроиллик гаровга олинганларни фаластинлик маҳбуслар эвазига озод қилишни таъминлаган келишувга ишора қилди.
Ушбу ўзгаришларга қарамай, таҳлилчилар Исроилнинг Ғазо ишғоли тугашига шубҳа билан қарашмоқда. Яқинда New York Times нашрининг хабар беришича, Исроил Ўрта ер денгизи анклавида 19 та ҳарбий база қурган. Бундан ташқари, Исроил кучлари Ғазо марказида ҳарбий кучларини жойлаштирди, бу эса шимолий ва жанубий ҳудудларни самарали равишда бўлиб ташлади.
Фаластинлик профессор, ёзувчи ва сиёсий таҳлилчи Камел Ҳавваш Исроилнинг ҳарбий мавжудлигини кенгайтираётганини "узоқ муддатли" босиб олиш белгиси сифатида кўради. "Исроил истаган жойида қолади, чунки уни Ғазодан ҳеч ким ҳайдаб чиқара олмайди," деди Ҳавваш АҚШ ва Ғарбнинг Тел-Авивни қўллаб-қувватлашига ишора қилиб.
7 октябрь воқеаларидан кўп ўтмай Исроил раҳбарлари фаластинликларни Ғазо ҳудудидан бутунлай чиқариб юбориш ниятида эканликларини айтишган эди. Ҳавваш давом этаётган операцияни фаластинликларни Ғазо ҳудудидан бутунлай йўқ қилишга уриниш деб аташга иккиланаётган бўлса-да, у Исроил "АҚШ ва Британиянинг ёрдами билан улар ҳамма нарсани қила олишини тезда англаб етганини" таъкидлайди.
2023 йил октябрь ойидан бери Исроил ҳужумлари натижасида 45 000 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, жумладан 14 500 нафар ёш, 106 000 дан ортиқ киши яраланди. "Ғазодаги деярли барча 1,1 миллион бола зудлик билан ҳимоя ва руҳий саломатлик ёрдамига муҳтож," деди UNICEF ижрочи директори Кетрин Рассел ижтимоий тармоқдаги хабарида.
Украина уруши
2024 йил Россия-Украина учун ҳам шафқатсиз йил бўлди. Россия қўшинлари Киевга нисбатан устунлик қилди, сезиларли ютуқларга эришиб, шарқий Украина ҳудудлари бўйлаб илгарилаб борган бўлса-да, Владимир Зеленский ҳукумати Москванинг кучайган ҳужумларига жавобан Россиянинг Курск вилоятининг бир қисмини эгаллаб, кутилмаган қарши ҳужумни бошлади.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда Москва Украина ҳудудининг деярли 4500 квадрат километрини эгаллаган ва кунига 30 квадрат километр тезликда илгарилаб борган. Сўнгги пайтларда Россия Украина шарқидаги стратегик аҳамиятга эга Покровск шаҳрига яқинлашиб, асосий ҳудудларни мустаҳкамлаб олмоқда.
Бироқ ўтган ҳафта Москвада Кремл яқинида содир бўлган портлашда ҳарбий кучларнинг радиология, кимё ва биология бўлимини бошқарган юқори мартабали рус генерали Игор Кириллов ҳалок бўлди. Украина бу ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.
Россиялик сиёсатшунос ва Владимир Путиннинг собиқ маслаҳатчиси Сергей Марковнинг таъкидлашича, Кириллов нафақат Украина, балки россиялик генералнинг Украина ҳудудидаги АҚШ кимёвий ва биологик фаолиятига қарши олиб борган кампанияси туфайли америкаликлар томонидан ҳам нишонга олинган.
2022 йилда сўзлаган нутқида Кириллов Пентагоннинг Украинадаги фаолиятини "ноқонуний ҳарбий ва биологик тадқиқотларнинг" бир қисми сифатида таърифлаб, АҚШ Демократик партияси аъзоларини Украинадаги биоқурол фаолиятини молиялаштиришда айблади. У: "Мен Хантер Байденнинг инвестиция фондидан маблағ олаётган Пентагоннинг асосий пудратчиларидан бири - "Метабиота"га эътиборингизни қаратмоқчиман", - деди.
Украина эса, ўз навбатида, Кирилловни ўз аҳолисига қарши кимёвий қуроллар ишлатишда айблади.
2024 йил, шунингдек, Украинанинг Россиянинг Курск вилоятига қарши муҳим чегараолди операцияси билан ҳам эсда қолди. Wall Street Journal буни "Иккинчи жаҳон урушидан кейин Россия ҳудудига биринчи хорижий босқин" деб таърифлади. Бу операция Киевнинг бардошлилигини ва Россиянинг Украина шарқидаги юришларига қарамай, Ғарбнинг ҳарбий ёрдамига бўлган эҳтиёжини кўрсатишга қаратилган эди.
Иккинчи жаҳон уруши пайтида Германия ва Совет Иттифоқи ўртасидаги энг йирик танк жанги сифатида тарихий аҳамиятга эга бўлган Курск 2024 йилда яна рамзий жанг майдонига айланди. Бу операция Зеленский ҳукуматининг НАТО мамлакатларига аниқ хабари эди: Украина курашиш қобилиятига эга ва қурол-яроғ таъминотини оширишга лойиқ.
Исроилнинг Ливанга қарши уруши
Бу йил Исроил тажовузи Ғазо ҳудудидан ташқарига, Тел-Авив томонидан ўнлаб йиллар давомида босқинлар ва чегараолди ҳужумларга дучор бўлган қўшни давлат Ливангача ёйилди.
Исроилнинг Ливанга қарши кампанияси сентябрь ойида пейжерлар ва радиоалоқа воситаларининг портлашлари билан бошланди. Бу яширин тактика ўнлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди ва минглаб одамларни яралади. Ўтган ойда бош вазир Бинямин Нетаняху ҳалокатли ҳужумлар ортида Исроил турганини тан олди.
Кейин Исроил Ливанга ҳаво ҳужумларини уюштириб, Ҳизбуллоҳнинг юқори мартабали қўмондонлари ва етакчи сиёсий арбобларини ўлдирди. Сентябрь ойи охирида гуруҳнинг узоқ йиллик раҳбари Ҳасан Насруллоҳ, октябрь ойи бошида эса Насруллоҳнинг ўрнини эгаллаши кутилган Ҳизбуллоҳнинг етакчи арбоби Ҳошим Сафииддин Исроил зарбасида ҳалок бўлди.
Октябрда Исроил қуруқликдаги кучлари 2006 йилдаги Ҳизбуллоҳ ва Тел-Авив ўртасидаги ҳарбий тўқнашувдан бери биринчи марта Ливанга кириб борди. Бу сионист давлатнинг кичик Ўрта ер денгизи мамлакатини олтинчи марта босиб олишини англатарди. Исроил босқини ва ҳужумлари минглаб ливанликларни ўлдирди, 16 000 дан ортиқ кишини яралади.
27 ноябрь куни Ҳизбуллоҳ ва Исроил ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришди, чунки иккала томон ҳам ўз сабабларига кўра ғалабани эълон қилди. Бироқ, Ливан расмийларига кўра, мўрт сулҳ Исроил кучлари томонидан 200 мартадан ортиқ бузилди.
Асад режимининг интиҳоси
2024 йилда Сурияда Башар Асар бошчилигидаги Баас автократияси тугатилди. Режимнинг ҳокимиятни шафқатсизлик ва қатағонлар орқали ушлаб туриши Суриядаги 13 йиллик шафқатсиз фуқаролар уруши пайтида 500 мингдан ортиқ одамнинг ўлимига ва мамлакат аҳолисининг деярли ярмининг кўчишига сабаб бўлди.
Қуролланган режимга қарши гуруҳлар Россия ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланган Асад режимига қарши 2011 йилда Араб баҳори туфайли бошланган узоқ давом этган фуқаролар уруши пайтида ғалаба қозона олмаган бўлса-да, ҳеч қачон таслим бўлишмади. Аксинча, улар Суриянинг шимоли-ғарбий Идлиб вилоятига чекиниб, режим ҳужумларига қарши туришди.
Ноябрь охирида "Ҳаят Таҳрир аш-Шом" (ҲТШ) бошчилигидаги қуролли режимга қарши гуруҳлар яшин тезлигида ҳужум бошлади. Улар тез орада Суриянинг шимолий ҳудудларини босиб ўтиб, мамлакатнинг қадимий тарихга эга энг йирик шаҳри – Ҳалабни эгаллашди. Шундан сўнг 1960 йиллардан бери Асад оиласи ҳукмронлиги остида зулм кўрган, Баасга қарши кайфиятларнинг марказига айланган Ҳамага йўл олишди.
Фуқаролар уруши давомида мухолифат назоратидан четда қолган Ҳалаб ва Ҳаманинг тез қўлга киритилиши Асад режимининг яқин орада қулашидан дарак берди.
8 декабрь куни режимга қарши гуруҳлар Суриянинг қадимий пойтахти Дамашққа ҳеч қандай қаршиликсиз кириб келди. Режим қўшинлари ғойиб бўлди ва Башар ал-Асад оиласи билан бирга Москвага қочиб кетди.
Режим қулаши ортидан режимга қарши гуруҳлар янги бош вазир Муҳаммад ал Башир ва ҲТШ раҳбари Аҳмад аш-Шар’ бошчилигида муваққат ҳукуматни тузди. Улар ҳокимиятни асосан тинч йўл билан ўтказишни назорат қилиб, урушдан хароб бўлган юртга умид туйғусини уйғотишди.
"Бу бутун дунёдаги барча эзилганлар ва инқилобчиларга йўлланган хабар: барча адолатсизлик ва қон тўкилишига қарамай, ҳақиқат ва халқ, шубҳасиз, ғалаба қозонади," дейди Дарода истиқомат қилувчи суриялик журналист Умар Алҳарири.
Қонли Сурия можароси нисбатан тинч якунланган бўлса-да, дунёнинг бошқа ҳудудларидаги кўплаб қурбонлар келтираётган низолар ҳамон ечимини топмасдан қолмоқда.
Суданда ҳарбийлар ва ҳарбийлаштирилган кучлар ўртасидаги 20 ойлик фуқаролар уруши дунёдаги энг йирик кўчиш инқирози ва очарчаликни келтириб чиқарди. Бу уруш мамлакат аҳолисининг 30 фоизини уйларидан қувиб чиқарди, бундан ташқари, 24 000 дан ортиқ одам ҳалок бўлди.
Хунта бошқарувида бўлган Мянмада эса, ҳатто Халқаро жиноий суд мамлакатнинг олий ҳарбий раҳбарига нисбатан қамоққа олиш ордери чиқарган бўлса-да, бу йил ҳарбий бошқарув ва ҳукуматга қарши кучлар ўртасидаги зиддият янада кучайди.
ТРТ World материаллари асосида тайёрланди.













