Британияда 200 та компания тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтди
Британияда 200 та компания ўз ходимларининг иш ҳақини қисқартирмасдан, доимий тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтди. Бу компанияларда жами 5000 дан ортиқ одам меҳнат қилади. Бу ҳақда The Register нашри Британия тўрт кунлик ҳафталик жамғармаси маълумотларига таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, ушбу иш тизими маркетинг ва реклама компаниялари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари (30 та корхона) томонидан энг осон қабул қилинган. Шунингдек, хайрия ва ижтимоий таъминот (29 компания), ахборот технологиялари (24 компания) ҳамда бизнес, консалтинг ва менежмент (22 компания) соҳаларидаги ташкилотлар ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган. Ушбу компанияларнинг кўпчилиги Лондонда жойлашган.
Тўрт кунлик иш ҳафтаси тарафдорлари беш кунлик модел эски иқтисодий тизим қолдиғи эканлигини таъкидламоқда. Тўрт кунлик ҳафталик жамғармаси директори Жо Райлнинг таъкидлашича, беш кунлик, 9:00 дан 17:00 гача бўлган иш ҳафтаси 100 йил аввал пайдо бўлган ва унинг янгилаш вақти келган.
Spark Market Research тадқиқотига кўра, ёш ходимлар анъанавий иш моделларига қарши чиқиши мумкин. 18 ёшдан 34 ёшгача бўлган британияликларнинг 78 фоизи кейинги беш йил ичида тўрт кунлик иш ҳафтаси одатий ҳолга айланишига ишонади. Spark бошқарувчи директори Линси Кароланнинг сўзларига кўра, бу ёш авлод меҳнат бозорининг келажагини белгилайди ва улар эски иш тизимларига қайтишни истамайди.
Мамлакатдаги тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиш тажрибаси бошқа давлатларга ҳам таъсир қилиши мумкин. Айни вақтда бу тизим меҳнат самарадорлигини ошириш ва ходимлар ҳаёт сифатини яхшилаш усули сифатида баҳоланмоқда.













