Асаднинг рафиқаси ажрашиб, Лондонга кетмоқчи
Сурия президенти Башар Асаднинг рафиқаси Асма Асад ажрашиш учун ариза бериб, туғилиб ўсган ватани Британияга кўчиб ўтиш ниятида эканини маълум қилди. Туркиянинг “А Haber” нашрининг хабар беришича, Асма Асад Лондонда даволанишни давом эттириш учун юридик ёрдам олиш мақсадида йирик фирмаларга мурожаат қилган.
2024 йил май ойида унга ўткир миелоид лейкемия ташхиси қўйилган ва унинг онаси ҳам қизининг Лондонда даволаниш истагини қўллаб-қувватлаётгани айтилмоқда. Бироқ Асманинг Европа Иттифоқи ва Британия томонидан қўлланган санкцияларга дуч келгани унинг ҳаракатларини қийинлаштирмоқда. Унга саёҳат қилиш тақиқланган ва активлари музлатилган.
Ҳозирда Асма Москвада қаттиқ назорат остида бўлиб, Россиядан чиқиш учун рухсат сўрагани, аммо бу сўров ҳали кўриб чиқилаётгани ҳақида хабар қилинди. Асма Асаднинг келажаги ноаниқ, чунки сиёсий, ҳуқуқий ва соғлиқ муаммолари унинг қарорларига жиддий таъсир кўрсатмоқда.













