Асад режими ағдарилгандан сўнг минглаб кўнгиллилар армияга қўшилди
Суриянинг муваққат президенти Аҳмад ал-Шаръ яқинда берган интервьюсида Башар Асад режими ағдарилгандан кейин яратилган янги Сурия армияси сафига минглаб кўнгиллилар қўшилаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, аввалги тузумнинг мажбурий чақирув сиёсатидан фарқли ўлароқ, янги армияда хизмат ихтиёрий асосда амалга оширилмоқда.
Ал-Шаръ Ғарб давлатларини Сурияга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилишга чақириб, бу чекловлар аввалги режимга қарши қаратилганини ва ҳозирги шароитда уларни сақлаб қолиш адолатсизлик бўлишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, санкцияларнинг бекор қилиниши мамлакатнинг иқтисодий тикланишига ёрдам беради, бу эса Сурияда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг муҳим омилидир.
Шунингдек, янги ҳукумат давлат институтларини қайта ташкил этиш, жумладан, армия, хавфсизлик хизматлари ва полицияни ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Ал-Шаръ миллий конференция ўтказиш, инклюзив ҳукумат тузиш ва кейинчалик сайловлар ўтказиш орқали сиёсий ўтиш жараёнини бошлашни режалаштираётганини билдирди. Бу жараён тўрт йилгача давом этиши мумкин.
Ал-Шаръ, шунингдек, Суриянинг янги ҳукумати Россия билан муносабатларни сақлаб қолиш ниятида эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Россия Сурия учун муҳим ҳамкор бўлиб, мамлакатнинг қурол-яроғ таъминоти ва энергетика соҳаларида катта аҳамиятга эга.













