Аляскада йўқолган самолёт парчалари топилди, бортдагилар ҳалок бўлган
АҚШнинг Аляска штатида 7 феврал куни радарлардан ғойиб бўлган йўловчи самолётининг парчалари топилди. Ҳалокат оқибатида бортдаги 10 киши – 9 йўловчи ва 1 учувчи вафот этгани маълум қилинди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Bering Air авиакомпаниясига тегишли Cessna 208 Caravan самолёти Уналаклит ва Ном шаҳарлари ўртасида чартер рейсини амалга ошираётган пайтда қулаган. Қўнишга оз қолганда ҳаво кемаси Аляска кўрфази устида радарлардан йўқолган. Эртаси куни қутқарувчилар самолётнинг парчаларини топишди.
Ҳозирча авиаҳалокат сабаблари номаълум, авиация мутахассислари тергов ишларини олиб бормоқда.
Аляскада бундан аввалги йирик авиаҳалокат 2013 йилда содир бўлган бўлиб, унда юк самолётининг қулаши натижасида 10 киши ҳалок бўлган эди.
Сўнгги кунларда АҚШда бир неча ҳаво фалокатлари кузатилган. 29 январ куни Вашингтонда American Airlines йўловчи самолёти ва Black Hawk ҳарбий вертолёти ҳавода тўқнашиб, иккаласи ҳам Потомак дарёсига қулаган. Натижада 67 киши ҳалок бўлган.
31 январ куни эса Филаделфияда кичик тиббий самолёт уйлар устига қулаши оқибатида 6 киши – экипаж аъзолари, бемор ва унинг онаси ҳалок бўлган.
Ҳодиса юзасидан расмийлар томонидан текширув ишлари давом этмоқда.













